Белгиланган матнни эшитиш учун босинг
Welcome to Statistika qo'mitasi   Click to listen highlighted text! Welcome to Statistika qo'mitasi Powered By GSpeech
  • А
  • А
  • А
  •      

Уюшманинг ташкил этилишига оид ҳужжатлар:

2017-06-14 16:31
|

Уюшманинг ташкил этилишига оид ҳужжатлар:

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси — «Ўзбекозиқовқатзахира»ни ташкил этиш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 15-сон, 144-модда)

Ички истеъмол бозорини, энг аввало қиш-баҳор даврида янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум билан барқарор таъминлаб туриш учун шундай маҳсулотларни тайёрлаш ва ғамлаш тизимини янада такомиллаштириш, замонавий сақлаш технологияларини жорий этиш, омборхона хўжалиги ва совутиш омборларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш асосида маҳсулотлар нобудгарчилигини ҳар томонлама камайтириш мақсадида:

1. «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмаси қатнашчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмасини мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси — «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси этиб қайта ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари этиб белгилансин:

талаб-эҳтиёжни чуқур ўрганиш асосида, янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум билан ички истеъмол бозорини узлуксиз тўлдириб бориш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида уларни қиш-баҳор даврига ғамлаб қўйиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларидан, агрофирмалардан шундай маҳсулотларни харид қилиш шартномаларини тузиш;

қиш-баҳор даврига ғамлаб қўйиладиган янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумнинг яхши сақланишини ташкиллаштириш, уларни сақлаш вақтида нобудгарчиликларни камайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш, маҳсулотни харид қилиш ва етказиб беришда замонавий логистика тизимини кенг жорий қилиш;

республика шаҳарларида янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум сотиш бўйича ихтисослаштирилган ярмарка савдоларини доимий асосда ўтказиб туриш;

тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг кўламда жалб этиш ва уюшма таркибига кирган корхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ишларини ташкил қилиш, мева-сабзавот маҳсулотлари сақланадиган махсус омборхоналар ва совутиш камералари қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялашни таъминлаш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш;

олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида яшовчи аҳолини ижтимоий аҳамиятли озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

уюшма таркибига кирган корхоналар мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш.

3. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси тугатилаётган «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмасининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

4. Қуйидагилар:

«Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасининг ташкилий тузилмаси ҳамда бошқарув ходимларининг чекланган сони 20 нафардан иборат ижро этувчи аппарати тузилмаси 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ;

«Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси таркибига кирувчи мева-сабзавот маҳсулотлари харид қилиш ва сақлаш корхоналари рўйхати 3-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

* 1 — 3-иловалар рус тилидаги матнда берилган.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш. Мирзиёев) бир ой муддатда пухта танлов асосида «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасининг ижро этувчи аппаратини тасдиқланган тузилма ва штат жадвалига мувофиқ юқори малакали мутахассислар билан бутласин.

6. «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси бир ой муддатда муассисларнинг умумий йиғилишини ўтказиб, унинг уставини тасдиқласин ҳамда уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этсин.

7. «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 25-уйга жойлаштирилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмасининг тузилмасини ислоҳ қилиш ва фаолият самарадорлигини ошириш тўғрисида» 2011 йил 30 мартдаги ПҚ-1514-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2016 йил 8 апрель,

ПҚ-2517-сон

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИ УЛГУРЖИ САВДОСИ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 12-13-сон, 106-модда; 2011 й., 20-21-сон, 202-модда; 2016 й., 27-сон, 326-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2006 йил 6 мартдаги ПҚ–300-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 141-сонли қарорига асосан ўз кўчини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 20-21-сон, 202-модда)

2. Қуйидагилар:

«Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналарини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек улар томонидан улгуржи савдони амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

«Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари томонидан истеъмол товарлари улгуржи савдосини амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин;

(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 141-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 20-21-сон, 202-модда)

4. Белгилансинки, «Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналарининг йўқотишлардан ва ноликвид товарлар нархини пасайтиришдан кўрган зарарлари фақат корхоналарнинг ўз даромадлари ҳисобига қопланади.

(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

5. Тижорат банкларига «Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уларнинг мамлакатимиз корхоналаридан истеъмол товарлари харид қилишга йўналтириладиган айланма маблағларини тўлдириш учун қисқа муддатли кредитлар ажратиш тавсия этилсин.

(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгиланган тартибда:

«Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналарини рўйхатдан ўтказсин;

(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

«Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналарига қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилишни ҳисобга олган ҳолда истеъмол товарлари улгуржи савдосини амалга оширишга лицензиялар берсин.

(6-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 141-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 20-21-сон, 202-модда)

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ҳудудий «Матлуботсавдо» акциядорлик компаниялари фаолиятини муфассал ўрганиб чиқсинлар ҳамда улар фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, қишлоқ жойлардаги, бориш қийин бўлган ҳамда тоғли туманлардаги аҳолининг зарур истеъмол товарларига эҳтиёжларини янада тўлиқ қондириш юзасидан аниқ таклифлар киритсинлар.

8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.А. Голишев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2006 йил 27 март,

52-сон

Вазирлар Маҳкамасининг
2006 йил 27 мартдаги 52-сон қарорига
1-ИЛОВА

«Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналарини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек улар томонидан улгуржи савдони амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

(илованинг номиЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

I. «Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналарини рўйхатдан ўтказиш тартиби

(бўлим номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

1.«Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналарини рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

2. «Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари муассислари томонидан тақдим этиладиган таъсис ҳужжатларида:

шакллантириладиган устав фонди миқдори (улгуржи савдо корхоналари — акциядорлик жамиятлари учун — қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда, бошқа улгуржи савдо корхоналари учун — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 3500 баравари миқдорида, улардан пул маблағлари билан — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 1200 баравари миқдорида) тўғрисидаги;

фаолият тури — истеъмол товарлари улгуржи савдоси, шунингдек мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлиши керак.

(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

II. Истеъмол товарлари улгуржи савдосини амалга ошириш тартиби

3. Ҳудудий (вилоят, вилоятлараро ва туманлараро) базалар (кейинги ўринларда сотувчилар деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган истеъмол товарлари улгуржи савдосини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия мавжуд бўлганда улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 141-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 20-21-сон, 202-модда)

4. Улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш учун сотувчиларда ўзининг ёки ижарага олинган омборхона бинолари, совутиш (зарурият бўлганда), кўтариш-тушириш ва транспорт ускуналари, тегишли инфратузилма — автомобиль ва темир йўл кириш йўллари, электр энергияси ва сув таъминоти тармоқлари мавжуд бўлиши керак.

5. Сотувчилар товарларнинг етказиб берувчиларини ва харидорларини шартнома асосида мустақил равишда танлаб олиш ҳуқуқига эга ҳамда сотилган товарларнинг кейинчалик фойдаланилиши учун жавоб бермайдилар.

6. Сотувчилар томонидан истеъмол товарлари ҳудудий жойлашувидан қатъи назар, ҳар қандай хўжалик юритувчи субъектларга, шу жумладан белгиланган тартибда чакана савдо фаолияти билан шуғулланаётган ва назорат-касса машиналари билан жиҳозланган турғун савдо тармоғига эга бўлган юридик шахсларга, махсус истеъмолчиларга, давлат таъминотидаги муассасаларга, ишлаб чиқариш корхоналарига улгуржи сотилади.

Товарлар жисмоний шахсларга фақат якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва қонун ҳужжатларида белгиланган шаклдаги чакана савдони амалга оширишга рухсат берувчи гувоҳнома мавжуд бўлганда улгуржи сотилади.

(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 141-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 20-21-сон, 202-модда)

8. Товарларни улгуржи сотиш фақат тузилган шартномалар асосида ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг нақдинасиз шаклида амалга оширилиши мумкин.

III. Сотувчиларнинг вазифалари

9. Савдо фаолиятини амалга оширишда сотувчилар:

товарларнинг сотиб олинганлигини тасдиқловчи (шартнома, счёт-фактура, товар-йўл ҳужжатлари) ҳужжатларга;

мувофиқлик сертификатига, товарларнинг ишлаб чиқариш корхоналарида сертификатланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ёки уларнинг нусхаларига — мажбурий тартибда сертификатланиши лозим бўлган товарлар сотилганда;

истеъмол товарлари улгуржи савдосини амалга оширишга лицензияга эга бўлишлари керак.

IV. Мазкур Низомга риоя этилиши юзасидан жавобгарлик

10. Лицензиясиз ёхуд лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврда улгуржи савдони амалга ошириш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка олиб келади.

Вазирлар Маҳкамасининг
2006 йил 27 мартдаги 52-сон қарорига
2-ИЛОВА

«Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари, истеъмол товарлари улгуржи савдосини амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

(илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирадиган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналарининг истеъмол товарлари улгуржи савдосини амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.

(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

Мазкур Низомда назарда тутилган тартибда берилган лицензия улгуржи савдо корхоналарига:

(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

ҳудудий жойлашувидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектларга, шу жумладан белгиланган тартибда чакана савдо фаолиятини амалга ошираётган ва назорат-касса машиналари билан жиҳозланган турғун савдо тармоғига эга бўлган юридик шахсларга, махсус истеъмолчиларга, давлат таъминотидаги муассасаларга, ишлаб чиқариш корхоналарига товарларни улгуржи сотиш;

фақат якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ва қонун ҳужжатларида белгиланган шаклдаги чакана савдони амалга оширишга рухсат берувчи гувоҳномаси мавжуд бўлган жисмоний шахсларга товарларни кичик туркумлар билан улгуржи сотиш ҳуқуқини беради.

(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 141-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 20-21-сон, 202-модда)

(2-банднинг бешинчихатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 141-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 20-21-сон, 202-модда)

3. Мазкур Низомнинг 1-бандида кўрсатилган корхоналарнинг истеъмол товарлари улгуржи савдосини амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) амалга оширилади.

4. Лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади. Лицензия бериш юзасидан ҳужжатлар кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

5. Лицензия берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида давлат божи ундирилади. Давлат божи суммаси республика бюджетига ўтказилади.

6. Истеъмол товарлари улгуржи савдоси фаолиятини амалга ошириш учун лицензия чекланмаган муддатга берилади.

II. Лицензия талаблари ва шартлари

7. Қуйидагилар истеъмол товарлари улгуржи савдоси фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

улгуржи савдо фаолиятини амалга оширишни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя этилиши;

улгуржи савдо корхоналари — акциядорлик жамиятлари учун — қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда, бошқа улгуржи савдо корхоналари учун — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 3500 баравари миқдорида, улардан пул маблағлари билан — энг кам ойлик иш ҳақининг камида 1200 баравари миқдорида шакллантирилган устав фондининг мавжуд бўлиши;

ўзининг ёки ижарага олинган омборхона бинолари, совутиш (зарурият бўлганда), кўтариш-тушириш ва транспорт ускуналари, тегишли инфратузилма — автомобиль ва темир йўл кириш йўллари, электр энергияси ва сув таъминоти тармоқлари мавжуд бўлиши;

мувофиқлик сертификатлари ёки маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш корхоналарида сертификатланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ёхуд уларнинг нусхалари мавжуд бўлиши — мажбурий тартибда сертификатланиши лозим бўлган товарлар сотилганда;

лицензия талабгорининг «Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кириши.

(7-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

III. Лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар

8. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, фаолиятнинг лицензияланадиган тури кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисидаги ариза;

б) улгуржи савдо корхоналари учун шакллантирилган устав фондининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

в) ўзининг ёки ижарага олинган омборхона бинолари, совутиш (зарурият бўлганда), кўтариш-тушириш ва транспорт ускуналари, тегишли инфратузилма — автомобиль ва темир йўл кириш йўллари, электр энергияси ва сув таъминоти тармоқларининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

г) лицензия талабгорининг «Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига киришини тасдиқловчи ҳужжатлар;

(8-банднинг «г» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 июндаги 219-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 27-сон, 326-модда)

д) лицензия бериш тўғрисидаги ариза лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

9. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб этишга йўл қўйилмайди.

10. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита ёхуд улар олинганлигини тасдиқловчи билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали берилади.

11. Ҳужжатлар лицензияловчи органнинг масъул ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, унинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана кўрсатилган ҳолда лицензия талабгорига юборилади (топширилади).

IV. Аризани кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш

12. Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва истеъмол товарлари улгуржи савдоси фаолиятини амалга оширишга лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш муддати рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган муддатдан ортиқ бўлмаслиги керак.

13. Лицензияловчи орган лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан кейин бир иш куни мобайнида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома банк ҳисоб рақамининг реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда лицензия талабгорига юборилади (топширилади).

14. Лицензия битими лицензияловчи орган билан лицензиат ўртасида тузилади ҳамда унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада — лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.

15. Лицензиялар лицензияловчи орган томонидан мазкур Низомга иловага мувофиқ шаклдаги бланкаларда расмийлаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ваколатли ўринбосари томонидан имзоланади.

Лицензия бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Лицензия бланкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 20 декабрдаги 488-сон қарорига мувофиқ тайёрланади.

16. Лицензия мазкур Низомга иловага мувофиқ шакл бўйича берилади.

(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 141-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 20-21-сон, 202-модда)

17. Лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган кунда лицензия битими тузилади ва лицензия берилади.

18. Лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган ёхуд лицензия битимини имзоламаган тақдирда, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилишга ҳақлидир.

19. Лицензия бериш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия беришни бошқа асослар бўйича, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабларига кўра рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

20. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига тегишли қарор қабул қилингандан кейин бир кун мобайнида рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

21. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб бир иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

V. Лицензияни қайта расмийлаштириш, дубликат бериш

22. Лицензиат қайта ташкил этилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан ёхуд жойлашган жойи ўзгаргандан кейин бир ҳафта муддатда кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш учун лицензияловчи органга мурожаат қилиши шарт.

23. Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат лицензияда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.

24. Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб икки кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Лицензия қайта расмийлаштирилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

25. Йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензиат лицензия дубликати олиш учун лицензияловчи органга, юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган ҳолда, лицензия дубликати бериш тўғрисида ариза ҳамда лицензия дубликати берилгани учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этади.

Лицензия дубликати беришда қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Лицензия дубликати берилгани учун йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

VI. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш

26. Лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан назорат тегишли назорат органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Тегишли назорат органлари лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраши ва олиши мумкин.

Текширишлар натижалари асосида текшириш далолатномаси тузилади. Бузилишлар аниқланган тақдирда текшириш далолатномасида лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишлари кўрсатилади.

Текшириш далолатномаси нусхаси лицензияловчи органга юборилади, лицензияловчи орган лицензиатга лицензия талаблари ва шартларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарор чиқаради ҳамда бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилайди.

27. Текшириш далолатномаси икки нусхада тузилади, улардан бир нусхаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси назорат органида қолади.

VII. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш

28. Лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ, лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилади.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиатга етказилган зарар миқдорида жавоб беради.

29. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ва лицензияни бекор қилиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23 ва 24-моддаларига мувофиқ амалга оширилади.

VIII. Лицензиялар реестри

30. Лицензияловчи орган белгиланган тартибда лицензиялар реестрини юритади.

31. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

а) лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар: юридик шахснинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар (рўйхатдан ўтказиш санаси, рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг берилган санаси ва тартиб рақами, СТИР), почта манзили ҳамда мавжуд бўлса телефон, факс рақами, электрон почта манзили;

б) фаолиятнинг лицензияланаётган тури;

в) лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

г) лицензияларни қайта расмийлаштириш, амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

д) лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

е) лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

ж) дубликат беришнинг асослари ва санаси.

32. Лицензиялар реестридаги маълумотлар манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг улар билан танишиши учун очиқ ҳисобланади ҳамда аниқ лицензиатлар тўғрисидаги маълумотлар реестрдан кўчирма тарзида ёзма сўров асосида ва сўров учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда уч кун муддатда берилади.

33. Реестрдан бир лицензиат тўғрисида маълумот берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ярми миқдорида тўлов ундирилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига лицензиялар реестридан маълумотлар текин берилади.

34. Реестрдан маълумот берилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Истеъмол товарлари улгуржи савдосини амалга ошириш фаолиятини
лицензиялаш тўғрисидаги низомга
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасининг
‎ Давлат герби ‎‎

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ‎‎

ЛИЦЕНЗИЯ
‎ АА № 000

‎‎Мазкур лицензия билан __________________________________________________________ га

(лицензия эгасининг тўлиқ номи)‎

‎‎_______________________________________________________________

(фаолиятнинг рухсат берилган тури)‎‎

‎‎_______________________________________________________________________________

‎‎_____________________________ ни амалга оширишга рухсат берилади.

‎‎Лицензия эгасининг жойлашган жойи (почта манзили): _______________________________

‎‎________________________________________________________________________________

‎‎Солиқ тўловчи-лицензия эгасининг идентификация рақами:____________________________

‎‎Лицензия берилган сана _____________ йил _____________

‎‎Лицензиянинг амал қилиш муддати чекланмаган.

‎‎Реестр бўйича тартиб рақами ______________________________________________________‎

Ваколатли шахс:‎

___________________________________‎

___________‎

(Ф.И.О.)‎

(имзо)‎

М.Ў.‎

(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 141-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 20-21-сон, 202-модда)

Манба: lex.uz дан олинган

 

 

 

ФайлХажми
2517-UZ.doc21.9 KB
ВМҚ-52.doc132 KB
Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, сичқонча билан белгилаб, администраторни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Об-ҳаво

Все о погоде - Pogoda.uz

Валюталар қурси

Онлайн фойдаланувчилар

Мехмонлар: 2 та

Электрон хизматларимиз хақида фикрингиз?

Охирги ўзгартириш киритилган сана:

16.10.2017 12:34
Матндаги хато