Белгиланган матнни эшитиш учун босинг
Welcome to Statistika qo'mitasi   Click to listen highlighted text! Welcome to Statistika qo'mitasi Powered By GSpeech
  • А
  • А
  • А
  •      

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ТЎҒРИСИДА

2018-05-11 16:47
|

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 25 январда қабул қилинган 
Сенат томонидан 2018 йил 29 мартда маъқулланган

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.04.2018 й., 03/18/472/1050-сон)

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

ривожлантириш давлат дастурларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган лойиҳаларни, шунингдек давлат буюртмачиларининг хўжалик фаолиятини рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган давлат харидларига;

Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетлари ва бошқа давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан донор мамлакатлар, халқаро, ҳукуматга қарашли бўлган ва ҳукуматга қарашли бўлмаган чет эл ташкилотлари билан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат харидларига нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ давлат харидлари стратегик субъектлари амалга оширадиган давлат харидларига, ривожлантириш давлат дастурларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган лойиҳаларни рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган давлат харидлари бундан мустасно;

давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш учун амалга ошириладиган давлат харидларига, шунингдек давлат сирлари билан боғлиқ бўлган давлат харидларига;

фавқулодда вазиятлар юз берган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур бўлган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларига;

агар донор мамлакатларнинг, тегишли халқаро, ҳукуматга қарашли бўлган ва ҳукуматга қарашли бўлмаган чет эл ташкилотларининг тартиб-таомилларида ёки Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида чет эл кредитларини ва чет эл грантларини тақдим этиш шартларида товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишнинг бошқача тартиби белгиланган бўлса;

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг референдумларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш учун амалга ошириладиган давлат харидларига;

суд муҳокамаларида иштирок этиш учун адвокат (вакил) тайинланиши билан боғлиқ давлат харидларига;

нархлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қатъий белгиланган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларига нисбатан татбиқ этилмайди.

2-модда. Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат буюртмачиси — давлат харидларини амалга оширувчи юридик шахс;

давлат хариди — товарларни (ишларни, хизматларни) давлат буюртмачилари томонидан пулли асосда олиш;

давлат харидларининг субъектлари — давлат буюртмачиси, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси, давлат харидларининг ижрочиси, харид комиссияси, махсус ахборот портали оператори ва эксперт;

давлат харидлари тўғрисидаги шартнома — давлат харидлари бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат буюртмачиси ва давлат харидларининг ижрочиси ўртасида тузиладиган битим;

махсус ахборот портали — операторнинг давлат харидлари ўтказилишини, давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар, давлат харидлари якунлари, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифлари ҳақидаги ахборотнинг ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборотнинг электрон шаклда жойлаштирилишини ва кўрилишини, шунингдек электрон давлат харидлари ўтказилишини таъминловчи веб-сайти ва махсус электрон платформаси;

махсус ахборот портали оператори — давлат харидларининг субъектларига харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш, махсус ахборот порталига эълонларни, буюртманомаларни ҳамда давлат харидлари ва уларнинг якунлари тўғрисидаги бошқа ахборотни жойлаштириш билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи махсус ваколатли юридик шахс;

харид қилиш тартиб-таомили — давлат хариди бўйича хатти-ҳаракатлар мажмуи;

эксперт — хулоса бериш учун махсус билимларга эга бўлган жисмоний шахс;

электрон давлат харидлари — электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион каби махсус ахборот порталининг дастурий-техник комплекси орқали ахборот-коммуникация технологиялари воситасида давлат харидларини амалга ошириш усуллари;

эълон — давлат харидларини амалга ошириш усули, ушбу харидларнинг талаблари ва шартлари, таклифларни тақдим этиш муддатлари ҳамда тартиби кўрсатилган, давлат буюртмачиси томонидан махсус ахборот порталига жойлаштириладиган бўлажак давлат харидлари тўғрисидаги ахборот.

4-модда. Давлат харидларининг асосий принциплари

Давлат харидларининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат буюртмачисининг касбий маҳорати;

асосланганлик;

молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги;

очиқлик ва шаффофлик;

тортишув ва холислик;

мутаносиблик;

давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги;

коррупцияга йўл қўймаслик.

Давлат харидларининг асосий принциплари давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши керак.

5-модда. Давлат буюртмачисининг касбий маҳорати принципи

Давлат буюртмачисининг касбий маҳорати тегишли бўлинмалар ходимларига нисбатан соҳа бўйича маълумоти бўлиши, малакасини мунтазам равишда ошириши ҳамда босқичма-босқич амалий тажрибага эга бўлиб бориши тўғрисида талаблар белгилаш йўли билан таъминланади.

Давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгар бўлган шахсни белгилаши шарт.

Манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда, харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгар бўлган шахс бажариладиган вазифалардан четлаштирилиши лозим.

6-модда. Асосланганлик принципи

Давлат харидлари давлат буюртмачисининг ўз олдида турган вазифаларни ҳал этишни таъминлайдиган ҳақиқий талаблари ва эҳтиёжларини самарали қаноатлантириш учун давлат харидларини ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлиги, товарни (ишни, хизматни) танлашнинг, унинг истеъмол хусусиятларининг (тавсифининг), сифат кўрсаткичлари ва қийматининг асосланганлиги ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши керак.

7-модда. Молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги принципи

Давлат харидлари:

давлат буюртмачисининг давлат харидларини ўтказиш харажатларини ва товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қийматини ҳисобга олиш;

давлат харидлари учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш, шу жумладан товарларни (ишларни, хизматларни) олишдан кўрилган наф, уларнинг сифати ва қиймати ўртасидаги мақбул нисбатни (фойдаланиш даври харажатларини ҳисобга олган ҳолда) таъминлаш;

давлат харидларини мақбул муддатларда ўтказиш имконини берадиган оқилона ва тежамкор усулда амалга оширилиши керак.

8-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи

Давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлиги:

тегишли давлат органларига, давлат харидлари субъектларига ва жамоатчиликка давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ, ўз вақтида, эркин ва бепул фойдаланиш имкониятини таъминлаган ҳолда уни махсус ахборот порталига жойлаштириш, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

харид қилиш тартиб-таомилларига доир ҳужжатларни ва ҳисоботларни тузиш ҳамда бут сақлашни таъминлаш орқали амалга оширилади.

9-модда. Тортишув ва холислик принципи

Давлат харидларидаги тортишув харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ўртасида тортишув, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқишда ҳамда холис ва асосли мезонлар асосида энг мақбул вариант фойдасига якуний қарор қабул қилишда беғаразлик ва шаффофлик механизмларидан фойдаланиш ҳисобидан қўллаб-қувватланади.

Давлат харидларининг холислиги харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқишдаги ва энг мақбул вариант фойдасига якуний қарор қабул қилишдаги беғаразликни назарда тутади.

Давлат харидларининг холислиги:

харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларига тенг имкониятларни таъминлашга;

давлат харидлари субъектлари ўртасида рақобатни ва уларга нисбатан беғаразликни таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишга;

давлат харидлари жараёнида шикоятлар, низолар ва келишмовчиликларни кўриб чиқишнинг ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўришнинг очиқ, ошкора ва тортишув механизмларига асосланади.

10-модда. Мутаносиблик принципи

Давлат харидларида мутаносиблик:

давлат харидларини амалга ошириш усулининг товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хавф-хатарига, қийматига, хусусиятига ва мураккаблигига;

талабларнинг харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари малакасига оид маълумотларга, таклифларни баҳолаш мезонлари ва усулларининг товарларга (ишларга, хизматларга);

давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги уларнинг ўз вазифаларига мослиги билан таъминланади.

11-модда. Давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги принципи

Давлат харидлари мақсадлар, принциплар ва ёндашувларнинг ягоналигига, давлат харидлари жараёни барча босқичларининг яхлитлиги ва ўзаро алоқадорлигига ҳамда давлат харидлари барча субъектларининг ҳамкорлигига асосланади.

Давлат харидларининг ягоналиги ва яхлитлиги:

давлат харидларини тартибга солувчи ягона ва яхлит норматив-ҳуқуқий база ҳамда уни бир хилда қўллаш;

давлат харидларининг давлат харидлари тўғрисидаги барча ахборотни тўплаш, унга ишлов бериш ва уни таҳлил қилишни ҳамда барча манфаатдор шахсларга ундан фойдаланишни таъминлайдиган ягона, яхлит ва комплекс ахборот тизими мавжудлиги;

давлат харидларини амалга ошириш механизмлари, тартиб-таомиллари ва усулларини бирхиллаштириш;

давлат харидларига оид ҳужжатларни бирхиллаштириш;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификаторини жорий этиш;

давлат харидларини режалаштириш ва амалга оширишни, давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларни (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) тузиш ва ижро этишни, мониторингни ва назоратни амалга оширишни, низолар ҳамда келишмовчиликлар устидан шикоят қилиш ва уларни кўриб чиқишни, давлат харидлари субъектларининг касбий маҳорати даражасини ва масъулиятини оширишни ташкил этиш имконини берадиган ягона инфратузилманинг мавжудлиги билан таъминланади.

12-модда. Коррупцияга йўл қўймаслик принципи

Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказишга доир талаблар давлат харидлари соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслиги керак. Бунда коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар устувор бўлади.

2-боб. Давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солиш

13-модда. Давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мақсадлари

Давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мақсадлари:

давлатнинг стратегик мақсадлари ва вазифаларига эришиш;

ривожлантириш давлат дастурларини ижро этиш;

давлатнинг ижтимоий вазифаларини бажариш;

давлат хизматлари кўрсатиш;

бюджет ташкилотларининг, бюджет маблағлари олувчиларнинг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эҳтиёжларини таъминлаш учун давлат харидлари субъектларига қулай муҳитни шакллантиришдан, шунингдек давлат харидларини амалга оширишда коррупцияга ва қонун ҳужжатларининг бошқача бузилишларига қарши курашишдан иборат.

Давлат харидларини амалга оширишда ижтимоий-иқтисодий сиёсат устуворликлари, шу жумладан юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришларнинг яратилиши, қулай экологик вазиятнинг сақланиши ҳисобга олинади.

14-модда. Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) давлат харидлари соҳасидаги ваколатли органдир.

Ваколатли орган давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишни амалга оширади.

Ваколатли орган:

давлат харидлари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тизимини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришнинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш бўйича чоралар кўради;

махсус ахборот порталининг операторини ва унинг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти қоидаларини белгилайди;

таклифни баҳолаш ва таққослаш усулларини ҳамда мезонларини, шунингдек давлат харидларини амалга ошириш усулини танлаш тартибини ва уларнинг тартиб-таомилини белгилайди;

иқтисодий жиҳатдан энг фойдали таклифни баҳолаш усулини қўллаш тартибини (баҳолашнинг нархга асосланмаган мезонларини) белгилайди;

давлат харидлари бўйича ахборотни жойлаштириш, ошкор қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини ҳамда ҳажмларини, шунингдек товарга (ишга, хизматга) ҳамда давлат харидларини амалга ошириш усулига қараб эълон қилишга доир қўшимча талабларни белгилайди;

харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш тўғрисидаги эълонларнинг, хабарнинг, харид қилиш ҳужжатларининг, харид қилиш тартиб-таомили иштирокчиси таклифининг, харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиш учун буюртманомаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомасининг намунавий нусхаларини тасдиқлайди;

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартибини белгилайди;

давлат харидларидаги шартнома мажбуриятларини бажариш масалаларига доир низолар ва келишмовчиликларни, Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш тартибини белгилайди.

Ваколатли орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

15-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат харидлари соҳасида бюджет тизими бюджетлари маблағларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

харид қилиш тартиб-таомиллари турларини такомиллаштириш ва уларнинг қўлланилишини кенгайтириш бўйича кичик тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини назарда тутувчи таклифлар тайёрланишини мувофиқлаштиради;

ваколатли орган билан биргаликда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг давлат харидлари соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиради ҳамда уларга йўналиш беради, уларнинг фаолияти устидан назоратни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Давлат харидларининг субъектлари

16-модда. Давлат буюртмачилари

Ушбу Қонун мақсадлари учун давлат буюртмачилари деганда қуйидагилар тушунилади:

1) бюджет буюртмачилари:

давлат органлари;

бюджет ташкилотлари;

харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар;

давлат мақсадли жамғармалари;

2) корпоратив буюртмачилар:

давлат корхоналари;

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;

устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар.

Давлат буюртмачиси:

мустақил равишда ёки ихтисослашган ташкилотни жалб этган ҳолда товарнинг (ишнинг, хизматнинг) бошланғич нархини белгилаш, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно;

давлат харидларини амалга оширишда ўз расмий веб-сайтига ёки ўзининг юқори турувчи органи расмий веб-сайтига, шунингдек оммавий ахборот воситаларига эълон жойлаштириш;

харид қилиш тартиб-таомилларининг барча иштирокчиларига татбиқ этиладиган таклифларни тақдим этиш муддатларини узайтириш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари таклифларининг амал қилиш муддатини муайян даврга узайтириш тўғрисидаги таклиф билан уларга мурожаат қилиш;

иккинчи босқич якунлари бўйича тендер тарзида харид қилиш тартиб-таомилини ўтказишда ғолиб билан нархни пасайтириш тўғрисида музокараларга киришиш ҳуқуқига эга.

Давлат буюртмачиси қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат буюртмачиси:

ушбу Қонунга мувофиқ харид қилиш тартиб-таомили турини танлаш тўғрисида қарор қабул қилиши;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат харидларини амалга ошириши;

давлат харидлари тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда махсус ахборот порталига жойлаштириши;

харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг товарлар (ишлар, хизматлар) ва давлат харидларининг тартиб-таомиллари билан боғлиқ сўровлари бўйича уларга қонун ҳужжатларига мувофиқ тушунтиришлар бериши;

харид қилиш тартиб-таомилларининг ғолиб деб топилган иштирокчилари билан шартномалар тузиши, шунингдек уларнинг ижро этилишини таъминлаши;

бўлажак давлат харидлари тўғрисидаги эълонларни фақат молиялаштириш манбалари ва миқдорлари мавжудлиги тасдиқланган тақдирдагина махсус ахборот порталига ва бошқа оммавий ахборот воситаларига жойлаштириши шарт.

Давлат буюртмачисининг зиммасида қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

17-модда. Харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-таомилида давлат харидларини ижро этиш учун талабгорлар сифатида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси (бундан буён матнда иштирокчи деб юритилади) бўлиши мумкин.

Иштирокчи:

давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳажмда фойдаланиш;

муайян давлат харидлари тартиб-таомиллари, уларни ўтказиш талаблари ва шартлари бўйича сўровлар бериш ва тушунтиришлар олиш;

харид комиссияси томонидан таклифлар очилаётганда белгиланган тартибда иштирок этиш;

харид қилиш тартиб-таомиллари бузилган тақдирда давлат харидлари натижалари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

давлат харидлари тартиб-таомилларида кўрсатилган ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ таклифларга ўзгартишлар киритиш ёки уларни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Иштирокчи:

давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

давлат харидлари тўғрисидаги ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлган таклифлар ва ҳужжатларни тақдим этиши ҳамда тақдим этилган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгар бўлиши;

ғолиб деб топилган тақдирда давлат буюртмачиси билан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва муддатларда шартнома тузиши шарт.

Иштирокчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

18-модда. Давлат харидлари ижрочиси

Харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича ғолиб деб топилган ва у билан шартнома тузилган иштирокчи давлат харидлари ижрочисидир (бундан буён матнда ижрочи деб юритилади).

Ижрочи:

давлат буюртмачиси билан тузилган шартномани ижро этиш жараёнида тушунтиришлар олиш учун унга мурожаат қилиш;

етказиб берилган товар (иш, хизмат) учун ҳақ олиш;

шартнома шартларига мувофиқ ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Ижрочи:

давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

шартномани унинг шартларига мувофиқ ижро этиши;

шартномани ижро этиш жараёнида давлат буюртмачисига ёки ваколатли давлат органига унинг сўрови бўйича тушунтиришлар ва ахборот бериши шарт.

Ижрочи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

19-модда. Харид комиссияси

Харид комиссияси харид қилиш тартиб-таомиллари ғолибини танлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган коллегиал органдир.

Харид комиссияси ишининг асосий мақсади иштирокчиларнинг таклифларини буюртмага мувофиқлик даражаси бўйича холис баҳолашдан ва тартибга солишдан ҳамда давлат харидлари рақобатлашув усуллари орқали амалга оширилганда ғолибни (ғолибларни) танлашдан иборат.

Харид комиссияси давлат буюртмачиси ҳузурида доимий фаолият кўрсатадиган, давлат буюртмачисининг тегишли қарорлари билан шакллантириладиган ва тарқатиб юбориладиган органдир.

Харид комиссияси тоқ сонли аъзолардан иборат бўлади, унинг аъзолари таркиби ва сони харид қилиш тартиб-таомилининг турига боғлиқ бўлади ҳамда олинаётган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хусусиятлари инобатга олинган ҳолда ўзгартирилиши мумкин.

Харид комиссияси аъзолари холис бўлиши ва харид қилиш тартиб-таомили ғолибини танлашдан шахсан манфаатдор бўлмаслиги керак.

Харид комиссиясининг ишига раис раҳбарлик қилади, у харид комиссияси мажлисларини чақиради ва олиб боради, овозга қўйишни ва харид комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларни эълон қилади, шунингдек харид комиссияси мажлисларининг баённомаларини имзолайди. Харид комиссияси раиси йўқлигида унинг вазифаларини ўринбосари бажаради.

Харид комиссиясининг тезкор фаолиятини унинг масъул котиби ташкил этади.

Харид комиссиясининг ҳар бир аъзоси овоз беришда ёқлаб овоз бериши, қарши овоз бериши ёки унда иштирок этишдан бош тортиши мумкин. Харид комиссиясининг раиси овоз беришда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас.

Харид комиссиясининг мажлислари юзма-юз ёки сиртдан (сўров орқали, барчанинг иштирокисиз) ўтказилиши мумкин. Юзма-юз мажлислар конференциялар (видеоконференциялар ва ҳоказо) шаклида ўтказилиши мумкин.

Мажлис ўтказилган санада бир давлат хариди бўйича қиймати энг кам иш ҳақининг беш минг бараваридан кам миқдордаги товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди бўйича харид комиссиясининг қарорлари харид комиссиясининг сиртдан ўтказиладиган мажлисида, қиймати энг кам иш ҳақининг беш минг бараваридан ортиқ миқдордаги давлат хариди бўйича харид комиссиясининг қарорлари эса харид комиссиясининг фақат юзма-юз мажлисида қабул қилиниши мумкин.

Қиймати энг кам иш ҳақининг беш минг бараваридан ортиқ миқдордаги давлат харидлари ўтказилганда харид комиссияси таркибига давлат буюртмачисининг вакилларидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзинжиниринг» республика лойиҳалаштириш институтининг вакиллари киритилади.

Ваколатли орган харид комиссиясининг мажлисига ўз вакилини кузатувчи сифатида иштирок этиш учун юборишга ҳақлидир.

Харид комиссиясининг юзма-юз мажлиси ўтказилиши учун харид комиссияси аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этиши зарур.

Қарор харид комиссияси аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Харид комиссиялари аъзоларида иштирокчилар билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжуд бўлган тақдирда, харид комиссиясининг бундай аъзоси бу масала кўтарилган мажлисда ўзини ўзи рад этиши ва мазкур масала бўйича овоз беришда иштирок этмаслиги керак, бу ҳақда баённомада қайд этилади.

Агар харид комиссиясига мазкур комиссия аъзосининг аффилланганлиги мавжудлиги тегишли масала юзасидан қарор қабул қилингунига қадар маълум бўлиб қолган бўлса, унинг ўзи эса ўзини ўзи рад этмаган бўлса, бундай аъзонинг мазкур масала бўйича овоз беришига йўл қўйилмайди.

Агар харид комиссиясига тегишли масала бўйича овоз берган мазкур комиссия аъзосининг аффилланганлиги мавжудлиги қарор қабул қилинганидан кейин маълум бўлиб қолган бўлса, бундай аъзонинг овози мазкур масала бўйича овоз бериш натижаларидан чиқариб ташланади.

Харид комиссияси қуйидаги вазифаларни бажаради:

танлов (тендер) ҳужжатларини келишади;

таклифлар қабул қилинадиган муддатларни белгилайди;

таклифларни очиш тартиб-таомилларини белгилайди;

таклифларни баҳолаш мезонларини белгилайди;

таклиф киритиш тартибини, ҳажмини ва уни таъминлаш шаклини белгилайди;

харид қилиш тартиб-таомили иштирокчиларининг таклифларини очишни амалга оширади;

малака танловини ўтказади, агар танлов (тендер) ҳужжатлари шартларида бу назарда тутилган бўлса;

харид қилиш тартиб-таомилларини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади;

харид қилиш тартиб-таомилларининг рақобатлашув турлари ижрочисини ва захира ижрочисини белгилайди ёки савдони амалга ошмаган деб топади.

Харид комиссияси ижрочини аниқлаш тартиб-таомиллари давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги, ўзи қабул қилаётган қарорларнинг асослилиги ва беғаразлиги учун жавобгар бўлади.

Харид комиссияси давлат харидларининг бошқа субъектлари томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар учун жавобгар бўлмайди.

Харид комиссияси томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинадиган қарорлар барча иштирокчилар учун мажбурийдир.

Харид қилиш тартиб-таомиллари:

хўжалик фаолияти доирасида ўтказилганда харид комиссияси давлат буюртмачисининг вакиллари орасидан, зарур бўлган тақдирда овоз бериш ҳуқуқига эга экспертлар жалб этилган ҳолда шакллантирилади;

лойиҳа фаолияти доирасида ўтказилганда харид комиссияси вазифаларини белгиланган тартибда ташкил этиладиган лойиҳани амалга оширувчи гуруҳ бажаради, у харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш натижалари тўғрисида қарорлар қабул қилади.

20-модда. Махсус ахборот портали оператори

Махсус ахборот портали оператори:

махсус ахборот порталининг узлуксиз ишлашини, унга жойлаштирилган ахборотнинг бут сақланишини ва бир бутунлигини, мазкур порталнинг тегишли давлат бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари ва ахборот тизимлари билан белгиланган тартибда уйғун ишлашини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотнинг электрон шаклда сақланишини, шу жумладан электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар сақланишини таъминлайди;

махсус ахборот порталида давлат бошқаруви органлари ўртасида ахборот алмашинувини ташкил этади;

махсус ахборот порталини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги аппарат-техника воситаларига жойлаштиради;

ваколатли орган, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзинжиниринг» республика лойиҳалаштириш институти билан ҳамкорликни амалга оширади.

Махсус ахборот портали оператори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

Махсус ахборот портали оператори:

иштирокчи, ижрочи сифатида давлат харидларида иштирок этишга, уларнинг аффилланган шахси бўлишга;

давлат харидларини амалга ошириш ва нарх белгилаш жараёнига аралашишга, контрагентларни танлашда ва шартномалар тузишда давлат харидлари субъектларининг эркинлигини чеклашга, шунингдек давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклашга, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

ўтказиб бериладиган, олинадиган ва сақланадиган электрон ҳужжатлар ҳамда электрон хабарларнинг ишончлилигини, шунингдек агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилишга ёки текширишга;

давлат харидлари субъектлари томонидан жойлаштириладиган электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларнинг мазмунини ўзгартиришга ҳақли эмас.

Махсус ахборот портали оператори давлат харидлари субъектларининг ушбу операторга бериладиган электрон ҳужжатлари ва электрон хабарларининг, шу жумладан бўлажак давлат харидлари тўғрисида махсус ахборот порталида жойлаштириладиган ахборотнинг мазмуни билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар учун жавобгар бўлмайди.

4-боб. Давлат харидлари жараёнига доир умумий талаблар

21-модда. Давлат харидлари жараёни

Давлат харидлари жараёни қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

давлат харидларини режалаштириш;

харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш;

шартномани тузиш ва бажариш;

давлат харидлари мониторинги.

22-модда. Давлат харидларини режалаштириш

Давлат харидларини режалаштириш давлат буюртмачиси томонидан амалга оширилади ва харидларни тизимлаштиришдан, давлат харидларини режалаштириш ҳамда бюджет ва инвестиция жараёнларидаги режалаштириш ўртасида ўзаро алоқани таъминлашдан иборат бўлади.

23-модда. Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари

Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари қуйидагилардан иборат:

электрон дўкон;

бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион;

танлов;

тендер;

ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари.

Давлат харидлари электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.

Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.

24-модда. Давлат харидлари тўғрисидаги ахборот

Давлат харидлари тўғрисидаги ахборот жумласига қуйидагилар киради:

давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари;

давлат харидларининг режа-жадваллари;

давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар;

ҳужжатларнинг шакллари;

харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этиш учун зарур бўлган намунавий шартномалар;

давлат харидларининг якунлари тўғрисидаги ахборот;

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри;

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарорлари;

давлат харидлари бўйича статистик ахборот.

Давлат харидлари тўғрисидаги ахборот махсус ахборот порталида эълон қилинади.

Давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ, холис ва ишончли бўлиши керак.

25-модда. Баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомилларига тааллуқли қоидалар

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларига тааллуқли баҳолаш мезонлари:

нарх;

етказиб бериш базиси;

етказиб бериш муддатлари;

тавсифномалар ва сифат кўрсаткичлари;

тўлов ва кафолатлар шартлари;

муайян даврда фойдаланиш, эксплуатация қилиш ва таъмирлаш харажатларини назарда тутади.

Давлат буюртмачиси томонидан белгиланадиган давлат хариди шартларида қуйидагилар бўлиши керак:

ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган барча баҳолаш мезонлари;

барча баҳолаш мезонларининг нисбий қиммати;

баҳолаш тартиб-таомиллари доирасида баҳолаш мезонларини қўллаш тартиби.

Ғолиб бўлган таклифни баҳолаш ва аниқлашда давлат буюртмачиси фақат харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомилларидан фойдаланади ҳамда бу мезонлар ва тартиб-таомилларни ушбу ҳужжатларда баён этилган тартибда қўллайди.

26-модда. Давлат харидлари қийматини баҳолашга тааллуқли қоидалар

Давлат харидлари қийматининг бозор нархларига мувофиқлигини баҳолаш учун давлат буюртмачиси очиқ ахборот манбаларидаги маълумотлардан фойдаланади.

27-модда. Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидлари тавсифига ва шартнома шартларига тааллуқли қоидалар

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди тавсифи холис, функционал ва умумий хусусиятга эга бўлади. Тавсифда товарлар (ишлар, хизматлар) давлат харидининг тегишли техник, сифат ва эксплуатация қилиниш хусусиятлари кўрсатилади.

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидлари тавсифи таснифларни, режаларни, чизмаларни, эскизларни, талабларни ҳамда синовлар ва синов усуллари, қадоқлаш, тамғалаш ҳақидаги ёки мувофиқлик сертификати, шунингдек шартли белгилар ва атамалар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олиши мумкин.

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди тавсифига аниқ товар белгисига ёки номига, патентга, конструкцияга ёки моделга, у мансуб бўлган муайян манбага ёки ишлаб чиқарувчига доир талаблар ёки ҳаволалар киритилмаслиги керак, бундан товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди хусусиятларини таърифлашнинг бошқа етарлича аниқ усули мавжуд бўлмаган ҳоллар мустасно ва бунда товарларни (ишларни, хизматларни) бошқа бир ишлаб чиқарувчининг эквивалент товарлари (ишлари, хизматлари) билан алмаштириш имконияти тўғрисидаги эслатма киритилиши керак.

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди тавсифида қуйидагилар бўлиши керак:

товарларнинг сони;

бажарилиши (кўрсатилиши) керак бўлган ишлар (хизматлар);

товарлар етказиб берилиши лозим бўлган ёхуд ишлар бажарилиши ёки хизматлар кўрсатилиши керак бўлган жой;

товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишнинг мақбул ёки талаб этилган муддатлари, агар улар мавжуд бўлса.

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидига доир ҳужжатларда харид қилинадиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат буюртмачиси томонидан белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш имконини берадиган кўрсаткичлар бўлиши керак. Бунда шундай кўрсаткичларнинг энг кўп ва (ёки) энг кам қийматлари, шунингдек ўзгартирилиши мумкин бўлмаган кўрсаткичларнинг қийматлари кўрсатилади.

Зарур бўлган ҳолларда давлат буюртмачиси товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) кафолат муддатига ва (ёки) уларнинг сифатига бериладиган кафолат ҳажмига, товарга кафолат хизмати кўрсатишга, товардан фойдаланиш харажатларига, товарни монтаж қилиш ва созлашнинг мажбурийлигига, товардан фойдаланувчи ва унга хизмат кўрсатувчи шахсларни ўқитишга доир талабларни белгилайди.

Машиналар ва асбоб-ускуналарни етказиб берувчи ижрочи аниқланган тақдирда давлат буюртмачиси давлат харидига доир ҳужжатларда товарнинг кафолат муддатига ва (ёки) унинг сифатига бериладиган кафолат ҳажмига, товарга кафолат хизмати кўрсатишга, товарга кафолат муддати мобайнида хизмат кўрсатиш харажатларига, шунингдек товарни монтаж қилиш ва созлашга, агар бу товарнинг техник ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, талаблар белгилайди. Янги машиналар ва асбоб-ускуналарни етказиб берувчи ижрочи аниқланган тақдирда давлат буюртмачиси давлат хариди тўғрисидаги ҳужжатларда ушбу товарни ишлаб чиқарувчининг ва (ёки) етказиб берувчининг кафолатини тақдим этишга ҳамда бундай кафолатнинг амал қилиш муддатига нисбатан қўшимча равишда талаблар белгилайди. Бундай кафолатни бериш ушбу товар билан бирга амалга оширилади.

Агар товарларнинг давлат хариди тавсифида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, етказиб берилаётган товар янги бўлиши керак.

Товарни ишлаб чиқарувчига, иштирокчига доир талабларни, шу жумладан иштирокчининг малакасига қўйилган талабни товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди тўғрисидаги ҳужжатларга (шу жумладан товарнинг, ишнинг ёки хизматнинг сифатига, техник хусусиятларига доир талаблар, товарнинг функционал хусусиятларига (истеъмол қилиш хусусиятларига) доир талаблар шаклида) киритишга йўл қўйилмайди.

28-модда. Давлат харидларининг тили

Давлат харидлари тўғрисидаги ахборот давлат тилида, шунингдек давлат буюртмачисининг ихтиёрига кўра бошқа тилларда эълон қилинади ва тарқатилади.

29-модда. Иштирокчиларга қўйиладиган талаблар

Иштирокчилар қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлиши керак:

шартномани бажариш учун зарур техникавий, молиявий, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;

шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалик;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;

ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги.

30-модда. Иштирокчиларга қўшимча талаблар қўйиладиган давлат хариди

Давлат буюртмачиси зарур бўлганда товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ўзига хос хоссаларидан ёки хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда иштирокчиларга қўшимча талаблар белгилашга ҳақли.

Иштирокчиларга қўйиладиган қўшимча талаблар ушбу Қонунда белгиланган принципларга зид бўлмаслиги керак.

Иштирокчиларга қўйиладиган қўшимча талаблар давлат хариди тўғрисидаги ахборотда у эълон қилинган пайтда кўрсатилган бўлиши керак.

Иштирокчиларга қўшимча талаблар қўйиладиган давлат харидида иштирок этиш учун иштирокчилар аккредитация тартиб-таомилидан ўтади.

Иштирокчиларни аккредитациядан ўтказиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.

31-модда. Биргаликдаги давлат харидлари

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) биргаликдаги давлат харидларини шакллантириш икки ва ундан ортиқ давлат буюртмачисининг давлат харидлари бўйича режаларига кўра амалга оширилади.

Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) биргаликдаги давлат харидларини шакллантириш бир давлат дастурида ёки лойиҳалар портфелида иштирок этаётган давлат буюртмачиларида амалга оширилиши керак.

32-модда. Таклифларни таъминлаш

Давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилига нисбатан иштирокчилар томонидан таклифларнинг гаров, кафолат, закалат тарзида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усулда таъминланиши зарурлиги тўғрисида талаб белгилашга ҳақли.

Харид қилиш тартиб-таомилига нисбатан иштирокчилар томонидан таклифларнинг таъминланиши зарурлиги тарзидаги талаб барча иштирокчиларга тааллуқли бўлади ва давлат харидларининг шартларида кўрсатилади.

Давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилига нисбатан иштирокчилар томонидан таклифларнинг таъминланиши зарурлиги тарзида талаб белгилаган тақдирда, таклифлар юборилгунига қадар иштирокчи таъминотнинг мақбуллигини тасдиқлаш тўғрисида сўров юборишга ҳақли. Давлат буюртмачиси бундай сўровга дарҳол жавоб беради.

Давлат буюртмачиси таклифни таъминлаш суммаси тўланишини талаб қилмайди ва таъминлаш тўғрисидаги ҳужжатни дарҳол қайтаради ёки қуйидаги воқеалардан бири юз берганидан кейин унинг қайтарилишини таъминлайди:

таклифни таъминлашнинг амал қилиш муддати тугаши;

давлат харидлари тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши ва ушбу шартноманинг бажарилиши таъминланиши, агар бундай таъминлаш давлат хариди шартларида талаб этилса;

давлат харидларининг бекор қилиниши;

таклифларни юборишнинг охирги муддати тугагунига қадар таклифнинг чақириб олиниши, агар давлат хариди шартларида бундай қайтариб олишга йўл қўйилмаслиги айтиб ўтилмаган бўлса.

33-модда. Музокаралар олиб боришни тақиқлаш

Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда давлат буюртмачисининг махсус ахборот портали оператори билан ва махсус ахборот портали операторининг иштирокчи билан музокаралар олиб боришига йўл қўйилмайди.

34-модда. Иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш шартлари

Давлат буюртмачиси ёки махсус ахборот портали оператори қуйидаги ҳолларда иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатади, агар:

иштирокчи давлат харидлари жараёнида давлат буюртмачиси томонидан бирор-бир хатти-ҳаракатнинг бажарилишига, қарор қабул қилинишига ёки бирор-бир харид қилиш тартиб-таомилининг қўлланилишига таъсир ўтказиш мақсадида давлат буюртмачисининг ёки бошқа давлат органининг исталган ҳозирги ёки собиқ мансабдор шахсига ёки ходимига ҳар қандай шаклдаги ҳақни, ишга ёллаш тўғрисидаги таклифни ёхуд исталган бошқа қимматбаҳо ашёни ёки хизматни бевосита ёхуд билвосита таклиф қилса, берса ёки беришга розилик билдирса;

иштирокчи рақобатлашувда адолатсиз устунликка эга бўлса ёки қонун ҳужжатларини бузган ҳолда манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқарса.

Давлат буюртмачисининг ёки махсус ахборот портали операторининг иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш тўғрисидаги қарори ва бунинг сабаблари харид қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ҳисоботга киритилади ҳамда улар ҳақида тегишли иштирокчига дарҳол хабар берилади.

35-модда. Ғолиб бўлган таклифнинг акцепти ҳамда акцепт учун асослар

Давлат буюртмачиси ўтказилган харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича ғолиб бўлган таклифнинг акцепти тўғрисида бир иш куни ичида қарор қабул қилади.

Ғолиб бўлган таклифнинг акцепти қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин, агар:

давлат харидлари бекор қилинмаган бўлса;

ғолиб бўлган таклифни юборган иштирокчи четлатилмаган бўлса;

харид қилиш тартиб-таомили бузилмаган бўлса.

36-модда. Давлат харидини бекор қилиш

Давлат буюртмачиси ғолиб бўлган таклиф акцептига қадар исталган вақтда давлат харидини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Давлат хариди бекор қилинган тақдирда давлат буюртмачиси махсус ахборот порталида мазкур қарорнинг асослантирилган сабабларини эълон қилади.

Давлат буюртмачиси давлат хариди бекор қилинганлиги учун жавобгар бўлмайди, бундан давлат хариди давлат буюртмачисининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида бекор қилинган ҳоллар мустасно.

37-модда. Махфийлик

Давлат буюртмачисининг ёки махсус ахборот портали операторининг ходими ўзининг ижрочилар ёки исталган шахс билан муносабатларида, агар ахборотни ошкор этмаслик давлат хавфсизлиги манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлса ёки бундай ахборотнинг ошкор этилиши қонунга зид бўлса, қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашга тўсқинлик қилса, ижрочиларнинг қонуний тижорат манфаатларига зарар етказса ёхуд инсофли рақобатга тўсқинлик қилса, ваколатли орган бу ахборотни ошкор этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, ҳеч бир ахборотни фош этмайди. Ваколатли орган бундай ахборотни ошкор этиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда ушбу қарор шартларига риоя этилади.

Иштирокчи харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиб, таклифда ўзи кўрсатган барча маълумотларнинг, таклифларини қабул қилиш муддати тугаганидан кейин эълон қилинишига розилик билдиради.

38-модда. Одоб-ахлоқ қоидалари

Давлат буюртмачилари ва махсус ахборот портали оператори давлат харидларини ўтказиш учун Одоб-ахлоқ қоидаларини қабул қилиши керак, унда қуйидагилар назарда тутилади:

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш чора-тадбирлари;

касбий тайёргарликни текшириш тартиб-таомиллари ва унга доир талаблар.

Давлат буюртмачилари, махсус ахборот портали оператори ходимларининг, харид комиссияси аъзоларининг одоб-ахлоқи қоидаларида касбга доир ва хизматдан ташқари фаолиятда одоб-ахлоқнинг ягона принциплари ва қоидалари, касбий тайёргарликка доир ягона талаблар белгиланади.

Давлат буюртмачисининг ва махсус ахборот портали операторининг масъул шахслари, харид комиссияси аъзолари томонидан иштирокчилар ҳамда ижрочилардан моддий ва номоддий бойликларни олиш тақиқланади.

Одоб-ахлоқ қоидалари давлат буюртмачиларининг ёки уларнинг юқори турувчи органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим.

39-модда. Манфаатлар тўқнашуви

Давлат буюртмачисининг, махсус ахборот портали операторининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари, шунингдек харид комиссиясининг аъзолари харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда ўз иштирокидаги давлат харидларига доир битимнинг натижаси бўлиши мумкин бўлган исталган шахсий нафни бевосита ёки билвосита олиш ҳуқуқига эга эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар:

шахсий манфаатдор эмаслигини, шунингдек ўз оила аъзоларининг манфаатдор эмаслигини кафолатлаши керак, акс ҳолда шахсий манфаатдорлик ҳамда бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида зиддият юзага келади ёки келиши мумкин;

манфаатларнинг исталган потенциал, тахмин қилинаётган ёки мавжуд тўқнашуви ҳақидаги ахборотнинг ошкор этилишини кафолатлаши керак.

Мавжуд ёки тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар топган, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар бу ҳақда бевосита раҳбарга хабар қилиб, бир вақтнинг ўзида ваколатли органни хабардор этиши шарт. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар унинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

40-модда. Давлат харидлари жараёнидаги чекловлар

Давлат харидлари жараёнида қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

иштирокчиларни камситишга, бошқа иштирокчиларга зарар етказган ҳолда бир иштирокчига имтиёзлар ёки преференциялар беришга;

манфаатлар тўқнашувига;

давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланмаган усулларини қонунга хилоф равишда танлашга, давлат харидлари субъектларига таъсир ўтказишга, давлат харидларида иштирокчиларнинг иштирок этиши тўғрисидаги ахборотни ошкор этишга, уларнинг сонини асоссиз равишда чеклашга ёки уларнинг малакасига қўйилган талабларни оширишга, рақобатга йўл қўймасликнинг, уни чеклашнинг ёки бартараф этишнинг бошқа шаклларига, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно;

нархларни ёки иштирокчиларни саралаш натижаларини бузиб кўрсатиш мақсадида иштирокчиларнинг олдиндан тил бириктиришига;

ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган ахборотни тақдим этиш ёки тарқатишга, шунингдек давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишни асоссиз равишда чеклашга;

давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлашга;

иштирокчиларнинг сунъий тарзда пасайтирилган нархлар бўйича таклифлар беришига, кейинчалик шартномани имзолашни ёки уни тегишли тарзда ижро этишни рад этишига;

давлат хариди таркибига технологик ва функционал жиҳатдан ўзаро бир-бири билан боғлиқ бўлмаган товарларни (ишларни, хизматларни) киритишга;

фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупциянинг намоён бўлишига;

молиялаштириш манбалари ва ҳажмлари мавжудлиги тўғрисида тасдиқларга эга бўлмаган ёки ажратилган маблағлар ҳажмидан ортиқ миқдордаги давлат харидларини амалга оширишга.

41-модда. Давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар реестри

Махсус ахборот портали оператори махсус ахборот порталидан фойдаланиш воситасида давлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар реестрини (бундан буён матнда шартномалар реестри деб юритилади) юритади.

Шартномалар реестрига қуйидаги ҳужжатлар ва ахборот киритилади:

давлат буюртмачисининг номи;

молиялаштириш манбаси;

ижрочини аниқлаш усули;

харид қилиш тартиб-таомилининг натижалари сарҳисоб қилинадиган сана ва шартнома тузиш асосларини тасдиқловчи ҳужжатнинг реквизитлари;

шартнома тузилган сана;

товар (иш, хизмат), шартнома баҳоси ва уни ижро этиш муддати, товар (иш, хизмат) бирлигининг нархи, у келиб чиққан мамлакатнинг номи ҳамда ижро этилган шартномага доир товарни ишлаб чиқарувчи тўғрисидаги ахборот;

ижрочи солиқ тўловчининг номи, фирма номи (агар мавжуд бўлса), жойлашган ери (юридик шахс учун — почта манзили), фамилияси, исми, отасининг исми (агар мавжуд бўлса), яшаш жойи (жисмоний шахс учун), идентификация рақами ёки чет эллик шахс учун тегишли чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ижрочи солиқ тўловчининг ўхшаш идентификация рақами, бундан тарихий, бадиий ёки бошқа маданий аҳамиятга эга бўлган ва давлатнинг музей, ахборот-кутубхона, архив фондларини, кино фондларини, фотосуратлар фондларини ва шунга ўхшаш фондларни тўлдириш учун мўлжалланган маданий қимматликларни, шу жумладан музей ашёларини ва музей коллекцияларини, шунингдек ноёб ва қимматбаҳо нашрларни, қўлёзмаларни, архив ҳужжатларини (шу жумладан уларнинг кўчирма нусхаларини) етказиб берадиган жисмоний шахс тўғрисидаги ахборот мустасно;

шартномани ўзгартириш тўғрисидаги ахборот, шартноманинг ўзгартирилган шартлари кўрсатилган ҳолда;

шартномани ижро этиш тўғрисидаги ахборот, шу жумладан шартнома учун ҳақ тўлаш, шартномада назарда тутилган мажбуриятларни тегишли тарзда бажармаганлик муносабати билан молиявий санкциялар (жарималар, пенялар) ҳисобланиши тўғрисидаги ахборот;

шартномани бекор қилиш тўғрисидаги ахборот, бекор қилиш сабаблари ва асослари кўрсатилган ҳолда.

Шартномалар реестридаги ахборот тўлов ундирилмаган ҳолда танишиб чиқиш учун очиқ бўлиши керак.

Шартномалар реестрини юритиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.

Қайси шартномалар тўғрисидаги ахборот шартномалар реестрига киритилмаган бўлса, ўша шартномалар учун ҳақ тўланмайди.

42-модда. Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри ваколатли орган томонидан шакллантириладиган рўйхатдан иборат бўлиб, унга қуйидаги маълумотлар киритилади:

харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича белгиланган шартларда давлат буюртмачиси билан шартнома тузишни ва давлат харидларини амалга оширишни рад этган ёки бошқача усулда бўйин товлаган харид қилиш тартиб-таомиллари ғолиблари тўғрисидаги;

мажбуриятларни бажармаганликда ёхуд тегишли тарзда бажармаганликда белгиланган тартибда айбдор деб топилган ижрочилар ҳақидаги, бундан мажбуриятлар бартараф этиб бўлмайдиган кучлар оқибатида бажарилмаган ёки тегишли тарзда бажарилмаган ҳоллар мустасно;

суднинг қарорига кўра фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган ижрочилар тўғрисидаги.

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилган ижрочи уч йил давомида давлат харидларида иштирок эта олмайди, бу муддат тамом бўлгач ижрочи Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестридан чиқариб юборилган ҳисобланади.

Ижрочилар Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритиш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.

5-боб. Электрон дўкон

43-модда. Электрон дўкон тушунчаси

Электрон дўкон махсус талаблар татбиқ этилмайдиган истеъмол товарларининг ва бошқа товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларини амалга ошириш учун мўлжалланган махсус ахборот порталидаги махсус майдончадир.

Электрон дўконда қуйидаги давлат харидлари амалга оширилиши мумкин:

бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан (бюджет буюртмачилари учун энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан) ошмайдиган, бироқ бир йилда бир давлат буюртмачиси учун энг кам иш ҳақининг икки минг беш юз баравари миқдордаги суммадан кўп бўлмаган товарлар;

бир давлат буюртмачиси учун энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан ошмайдиган миқдордаги ишлар, хизматлар.

44-модда. Электрон дўконнинг ишлаш ва ундан фойдаланиш тартиби

Электрон дўкон иштирокчиларнинг таклифларидан шакллантирилади. Иштирокчининг электрон дўконга қўйилган таклифи давлат буюртмачиларига юборилган оммавий офертадир.

Иштирокчи электрон дўконга жойлаштирилган ўз таклифида қуйидагиларни кўрсатади:

таклиф этилаётган товарнинг номи;

сотиш нархи;

товарнинг энг кўп ва энг кам тўпи;

товарнинг русуми ва техник параметрлари (техник паспорт ёки бошқа ҳужжат асосида);

товарнинг фотосурати;

товар етказиб бериладиган (иш бажариладиган, хизмат кўрсатиладиган) ҳудуд;

товарни ишлаб чиқарувчи ва товар келиб чиққан мамлакат тўғрисидаги ахборот;

кафолат шартлари ва муддати тўғрисидаги ахборот;

товар ишлаб чиқарилган йил;

товарнинг яроқлилик муддати;

ишни бажариш, хизматни кўрсатиш муддати;

зарур бўлганда, лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжат ёки сертификат мавжудлиги тўғрисидаги ахборот.

Давлат буюртмачиси электрон дўконда иштирокчиларнинг оферталарини ўрганиш йўли билан ўзи учун зарур бўлган товарни (ишни, хизматни) танлайди ва товар (иш, хизмат) танлангач, нархлар сўрови механизмидан фойдаланади.

Махсус ахборот портали автоматик режимда, нархлар сўрови механизмини амалга оширган ҳолда электрон дўконда ўхшаш товарларни (ишларни, хизматларни) таклиф этаётган барча иштирокчиларга харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиш тўғрисида таклифлар юборилишини таъминлайди.

Иштирокчилар нархлар сўровида иштирок этиш тўғрисидаги таклиф махсус ахборот портали томонидан юборилган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ичида ўз таклифларини беришга ҳақли.

Иштирокчиларнинг манзилига юборилаётган нархлар сўровида иштирок этиш тўғрисидаги таклиф давлат буюртмачиси томонидан танланган иштирокчининг офертасига ҳаволани ўз ичига олади.

Харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиш таклифини олган иштирокчи давлат буюртмачиси томонидан танланган оферта нархидан пастроқ нарх бўйича таклиф киритишга ҳақли.

Иштирокчилар томонидан берилган нарх бўйича таклифларни таққослаш махсус ахборот портали томонидан автоматик режимда амалга оширилади.

Махсус ахборот портали давлат буюртмачиси ва энг паст нархни таклиф қилган ижрочи ўртасида тузилган битимни рўйхатдан ўтказади.

Иштирокчилар тўғрисидаги маълумотлардан давлат буюртмачиси ёки иштирокчилар якунлар сарҳисоб қилингунига қадар фойдалана олмайди. Ижрочининг номи ғолиб аниқланган пайтда махсус ахборот порталида акс эттирилади.

Махсус ахборот портали шартномани давлат буюртмачиси томонидан танланган иштирокчининг офертасида баён этилган шартларга мувофиқ ҳамда иштирокчилар томонидан таклиф этилган энг паст нархда шакллантиради.

Агар махсус ахборот порталида рўйхатдан ўтказилган иштирокчиларнинг ҳеч бири дастлабки таклифдан пастроқ нархни таклиф қилмаса, махсус ахборот портали давлат буюртмачиси ва ижрочи ўртасидаги битимни рўйхатдан ўтказади.

Агар харид қилиш тартиб-таомили якунига кўра электрон дўконда товар (иш, хизмат) мавжуд эмаслиги сабабли шартнома тузилмаган бўлса, давлат буюртмачиси мустақил равишда танланган етказиб берувчи билан шартнома тузиш орқали тўғридан-тўғри харидни амалга оширишга ҳақли. Бунда ушбу Қонуннинг 43-моддасида белгиланган давлат харидларининг суммаларга оид мезонлари амал қилади. Тўғридан-тўғри харид натижасида тузилган шартнома у тузилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай махсус ахборот порталига жойлаштирилиши лозим. Тўғридан-тўғри харид учун жавобгарлик давлат буюртмачисининг зиммасида бўлади.

6-боб. Бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион

45-модда. Бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион тушунчаси

Бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион (бундан буён матнда аукцион деб юритилади) давлат харидларининг рақобатли усули бўлиб, уни ташкил этишда нарх иштирокчини танлашнинг ягона мезони бўлади ва бунда мазкур норма товарларни белгиланган сифат стандартларига мувофиқ ҳолда етказиб бериш талабини бекор қилмайди.

Товарни эълонда баён этилган шартлар асосида энг паст нарх бўйича етказиб беришни таклиф қилган иштирокчи аукционнинг ғолиби бўлади.

46-модда. Аукционни ўтказиш мезонлари

Аукцион воситасидаги давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

товарнинг стандарт хусусиятларга эга бўлиши;

товарнинг техник, эксплуатация қилиниш хусусиятларини ва бошқа хусусиятларини баҳолаш ҳамда таққослаш заруратининг мавжуд эмаслиги;

хизматларнинг, ишларнинг давлат хариди объекти бўлмаслиги;

товарнинг қиймати бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг беш минг бараваридан кам бўлиши. Бюджет буюртмачилари учун аукциондаги давлат харидлари бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг икки минг беш юз бараваридан ортиқ бўлмаслиги керак.

47-модда. Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон

Аукцион фақат электрон шаклда ўтказилади.

Аукционда иштирок этиш учун давлат буюртмачиси махсус ахборот порталига эълон жойлаштиради.

Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон аукцион амалга оширилишидан камида ўн кун аввал жойлаштирилиши керак.

Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

давлат буюртмачисининг номи ва манзили;

аукционнинг биринчи ва охирги куни (аукцион ўтказиладиган давр);

аукцион предметининг бошланғич нархи;

аукцион предметининг хусусиятлари (аукцион предметининг таснифи);

аукцион предметини лотлар бўйича бўлиб чиқиш ва ҳар бир лотнинг ҳажми;

товарларни етказиб бериш муддатлари ва шартлари;

товарлар етказиб бериладиган жой (манзил);

лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг мавжудлиги ҳақида талаб (зарур бўлганда);

товарнинг ўзига хос хусусий параметрларини ифодаловчи алоҳида шартлар.

Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълоннинг ва давлат буюртмачиси буюртманомасининг матнига аукцион предметига тааллуқли бўлмаган ва иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган талабларни киритиш тақиқланади.

Махсус ахборот порталига жойлаштирилган аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон автоматик равишда буюртмачининг буюртманомаси этиб ўзгартирилади.

48-модда. Аукционни ўтказиш тартиби

Аукцион махсус ахборот порталида бошланғич нархни қадам-бақадам пасайтириш йўли билан ўтказилади.

Аукционни ўтказиш, киритилган таъминот суммасига мувофиқ ҳар бир лот бўйича аукциондан фойдаланиш, аукцион ғолибларини аниқлаш, битимни рўйхатдан ўтказиш ва шартномани шакллантириш махсус ахборот портали томонидан автоматик режимда амалга оширилади.

Аукционни ўтказиш чоғида иштирокчилар аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон чоп этилган кундан эътиборан ва у тамом бўладиган пайтга қадар бутун муддат ичида нарх бўйича таклифларни чекланмаган миқдорда беришга ҳақли.

Иштирокчиларнинг номи ва улар билан боғланишга доир маълумотлар аукцион ғолиби аниқланмагунига қадар махсус ахборот порталида акс эттирилмайди.

Аукцион чоғида махсус ахборот портали иштирокчилар томонидан берилган таклифлар орасидан энг паст нарх кўрсатилган таклифни автоматик равишда танлаб олади, бу нарх махсус ахборот порталида акс эттирилади ва аукционнинг барча иштирокчилари — давлат буюртмачилари ва ижрочилар учун очиқ бўлади.

Аукцион тугайдиган вақт келганда махсус ахборот портали аукцион ўтказилган вақт давомида берилган таклифлар орасида энг паст нархни таклиф қилган таклифни автоматик равишда аниқлаб олади. Энг паст нарх кўрсатилган таклифни берган иштирокчи аукцион ғолиби сифатида махсус ахборот портали томонидан саралаб олинади. Ижрочининг номи махсус ахборот порталида акс эттирилиб, ушбу тизим тузилган битимни автоматик равишда қайд этади ва давлат буюртмачисининг буюртманомасида баён этилган шартларга мувофиқ шартномани шакллантиради.

Агар аукционда бир нафар иштирокчи иштирок этган бўлса ёки ҳеч ким иштирок этмаган бўлса, аукцион ўтказилмаган деб ҳисобланади ва ғолиб аниқланмайди, давлат буюртмачиси аукционни беш кунга узайтиради. Аукционни узайтириш аввалги аукцион тамом бўлган пайтдан эътиборан уч кун ичида давлат буюртмачиси томонидан амалга оширилади. Бундай ҳолда, агар харид қилиш тартиб-таомили якунларига кўра аукцион ўтказилмаган деб топилган бўлса, давлат буюртмачиси аукционни узайтирмай, ушбу Қонуннинг 52 — 57-моддаларида назарда тутилган тартиб-таомил бўйича танловни қуйидаги хусусиятларни инобатга олган ҳолда ўтказишга ҳақли:

ушбу Қонуннинг 46-моддасида белгиланган давлат харидларининг суммаларига оид мезонлар амал қилади;

танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон иштирокчиларнинг таклифлари қабул қилинадиган муддатнинг тамом бўлиш санасидан камида ўн кун олдин давлат буюртмачиси томонидан махсус ахборот порталига жойлаштирилади;

давлат харидини амалга ошириш учун камида беш кишидан иборат таркибда харид комиссияси тузилади.

7-боб. Танлов

49-модда. Танлов тушунчаси

Танлов деганда шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топиладиган харид қилиш тартиб-таомилини амалга оширишнинг тури тушунилади.

Давлат хариди тўғрисидаги ахборот давлат буюртмачиси томонидан махсус ахборот порталига танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонни ва танлов ҳужжатларини жойлаштириш орқали чекланмаган доирадаги шахсларга маълум қилинади.

50-модда. Танлов ўтказиш мезонлари

Танлов воситасидаги давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил ва аниқ таърифини таърифлаш имконияти мавжуд;

ғолибни аниқлаш мезонлари товар (иш, хизмат) давлат харидининг нафақат пул ифодасига, балки миқдорий ва сифат баҳосига ҳам эга бўлади;

товар қиймати бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг беш минг бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этади;

хизматларнинг, ишларнинг қиймати бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этади.

Бюджет буюртмачилари учун танловдаги давлат харидлари:

товарнинг қиймати бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг икки минг беш юз бараваридан олти минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этиши керак;

ишларнинг, хизматларнинг қиймати энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан олти минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этиши керак.

Агар инвестиция лойиҳалари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари билан давлат буюртмачиларига тендерни ўтказмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш ҳуқуқи берилган тақдирда, харид қилиш тартиб-таомили давлат харидининг суммасидан қатъи назар танлов ўтказиш орқали амалга оширилади.

51-модда. Танлов ўтказишда харид комиссияси

Давлат харидини танлов ўтказиш орқали амалга ошириш учун камида беш нафар аъзодан иборат таркибда харид комиссияси тузилади.

Шартномани бажариш бўйича энг яхши шартлар танлов иштирокчиларининг таклифларини баҳолаш бўйича эълон қилинган мезонлар асосида харид комиссияси томонидан аниқланади.

52-модда. Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон

Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон танлов иштирокчиларининг таклифларини қабул қилиш муддати тугашидан камида ўттиз кун аввал давлат буюртмачиси томонидан махсус ахборот порталига жойлаштирилади.

Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги ахборот бўлиши керак:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил тавсифи ва нархи;

танлов ўтказиладиган жой манзили;

танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

давлат буюртмачисининг иштирокчилар билан алоқада бўлиш учун боғловчи шахслар сифатида белгиланган бир ёки бир нечта мансабдор шахсининг ёки бошқа ходимларининг номи, лавозими ва манзили;

танлов ҳужжатлари қоидаларини изоҳлаш учун сўров бериш шакли;

таклифларни бериш муддати тугайдиган сана ва вақт;

танлов таклифларини расмийлаштиришга доир талаблар.

Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ахборот ҳам бўлиши мумкин.

53-модда. Танлов ҳужжатлари

Танлов ҳужжатлари давлат буюртмачиси томонидан махсус ахборот порталига танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон билан бир вақтда жойлаштирилади.

Танлов ҳужжатларида қуйидагилар бўлиши керак:

танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонда кўрсатилган ахборот;

шартнома баҳосини ва ижрочилар билан ҳисоб-китобларни шакллантириш учун фойдаланиладиган валюта ҳамда тўлов тартиби ҳақидаги ахборот;

танловда иштирок этиш учун таклиф қайси тилда тайёрланиши кераклиги бўйича талаб;

танлов иштирокчиларига танлов ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби, тақдим этиш муддати бошланадиган ва тугайдиган сана;

агар товарнинг (ишнинг, хизматнинг) муқобил вариантларига йўл қўйилса, лотни алмаштириш бўйича муқобил таклифларни баҳолаш тартибининг тавсифи;

техник топшириқ;

ушбу Қонунга мувофиқ иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби.

Танлов ҳужжатларида давлат буюртмачиси ҳар бир товар (иш, хизмат) харид қилиш тартиб-таомилининг алоҳида бирлиги сифатида кўриб чиқилишини эълон қилиши мумкин. Бундай ҳолда давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилининг турли объектлари товарларини (ишларини, хизматларини) етказиб бериш учун танловнинг бир нечта иштирокчиси билан шартномалар тузиши мумкин, бунда ҳар бир объект учун фақат битта ғолиб аниқланиши мумкин. Ҳар бир товар (иш, хизмат) учун ғолиб харид қилиш тартиб-таомили шартларига кўра алоҳида-алоҳида аниқланади.

Танлов ҳужжатларига уларнинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳаси илова қилинади.

Давлат буюртмачиси танлов ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида танловда иштирок этиш учун таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида уч кун олдин қарор қабул қилишга ҳақли. Товарни (ишни, хизматни) ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Бунда ушбу танловда таклифлар бериш тугайдиган муддат танлов ҳужжатларига ўзгартишлар киритилган санадан эътиборан камида ўн кунга узайтирилиши керак. Шу билан бир вақтда, агар эълонда кўрсатилган ахборот ўзгартирилган бўлса, танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонга ўзгартишлар киритилади.

Танлов иштирокчиси танлов ҳужжатлари қоидаларини танлов ўтказиш учун эълонда белгиланган шаклда тушунтириш талаби билан давлат буюртмачисига сўров юборишга ҳақли. Сўров келиб тушган санадан эътиборан икки иш куни ичида давлат буюртмачиси, агар мазкур сўров давлат буюртмачисига таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида икки кун олдин келиб тушган бўлса, ушбу сўровга белгиланган шаклда жавоб юбориши шарт. Танлов ҳужжатларининг қоидаларига доир тушунтиришлар уларнинг мазмун-моҳиятини ўзгартирмаслиги керак.

Танлов ҳужжатларида давлат буюртмачиси танлов иштирокчиларининг таклифларида барча товарлар (ишлар, хизматлар) (лотлар) бўйича таклиф бўлиши кераклигини белгилаб қўйиши мумкин. Бундай ҳолда фақат битта ижрочи танлов ғолиби бўлиши мумкин, агар таклифда танловнинг барча лотлари бўйича ахборот бўлмаса, таклиф тегишли эмас деб топилади.

Товарнинг (ишнинг, хизматнинг) қиймати энг кам иш ҳақининг беш минг бараваридан ошган ҳолларда танлов бўйича техник топшириқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази билан келишиб олиниши лозим.

54-модда. Танлов иштирокчиларининг таклифларини бериш тартиби

Махсус ахборот порталида эълон қилинган танлов иштирокчиларининг таклифлари эълонда белгиланган тартибда танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзил бўйича муҳрланган конвертларда тақдим этилади.

Таклифда давлат хариди объекти бўлган товарнинг эскизи, расми, чизмаси, фотосурати ва бошқа тасвири, нусхаси, намунаси бўлиши мумкин.

Танлов иштирокчиси тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги учун жавобгар бўлади.

Танлов иштирокчиси фақат битта таклиф беришга ҳақли.

Танловга таклифларни қабул қилиш махсус ахборот порталида чоп этилган эълонда кўрсатилган муддат келиши билан тугатилади.

Агар таклифлар бериш муддати тугаган пайтда харид комиссияси томонидан танлов иштирокчиларидан танлов ҳужжатларида кўрсатилган талабларга мос келадиган камида иккита таклиф олинган бўлса, танлов ўтказилган деб топилади.

Танловда битта иштирокчи иштирок этган ёки биронта иштирокчи иштирок этмаган тақдирда танлов ўтказилмаган деб топилади. Бундай ҳолатда давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилини айни ўша шартларда ҳамда товарга (ишга, хизматга) доир айни ўша мезонларга ва талабларга мувофиқ такроран амалга ошириши шарт. Товарга (ишга, хизматга) нисбатан баҳолаш шартлари, мезонлари ва талабларни ўзгартириш зарурати пайдо бўлганда харид комиссияси асосларни келтирган ҳолда тегишли қарорни қабул қилади.

Танлов иштирокчиси бундай таклифларни бериш муддати тугагунига қадар берилган таклифни қайтариб олишга ёки унга ўзгартишлар киритишга ҳақли.

55-модда. Танлов иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш

Танлов иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш муддати таклифлар бериш тугаган пайтдан эътиборан ўн кундан кўп бўлиши мумкин эмас.

Агар таклиф ушбу Қонуннинг ва танлов ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлса, у тегишли тарзда расмийлаштирилган деб топилади.

Агар таклифни киритган танлов иштирокчиси ушбу Қонунда белгиланган талабларга мос келмаса ёхуд танлов иштирокчисининг таклифи танлов ҳужжатлари талабларига мос келмаса, харид комиссияси таклифни рад этади.

Танлов иштирокчиси томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги ахборот ишончсиз эканлиги аниқланган тақдирда, харид комиссияси бундай иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилининг исталган босқичида танловда иштирок этишдан четлатишга ҳақли.

Танлов ғолибини танлов ҳужжатларида кўрсатилган мезонлар асосида аниқлаш учун харид комиссияси рад этилмаган таклифларни баҳолашни амалга оширади.

Эълонда танловни ўтказиш вақти сифатида кўрсатилган вақтда харид комиссияси танлов иштирокчилари томонидан берилган таклифлар солинган конвертларни таклифларни баҳолаш учун очади. Танлов иштирокчисининг ваколатли вакили конвертларни очиш тартиб-таомили чоғида ҳозир бўлишга ҳақли.

Танлов ҳужжатларида ва таклифда кўрсатилган мезонлар асосида шартномани бажаришнинг энг яхши шартларини таклиф қилган танлов иштирокчиси ғолиб деб топилади.

Агар танлов ҳужжатларида танловнинг ҳар бир товари (иши, хизмати) харид қилиш тартиб-таомилининг алоҳида бирлиги сифатида кўриб чиқилиши назарда тутилган бўлса, харид комиссияси ғолибни танловнинг ҳар бир предмети бўйича аниқлайди.

Таклифларни кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш натижалари таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомасида қайд этилади.

Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомасида қуйидаги ахборот бўлиши керак:

танлов таклифлари кўриб чиқиладиган ҳамда баҳоланадиган сана ва вақт тўғрисидаги;

ҳозир бўлган харид комиссияси аъзоларининг ва танлов иштирокчилари ваколатли вакилларининг таркиби ҳақидаги;

таклифлари кўриб чиқилган танлов иштирокчилари тўғрисидаги;

таклифлари уларни рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда рад этилган танлов иштирокчилари ҳақидаги;

танлов ғолиби тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақидаги;

танлов ғолибининг номи (юридик шахслар учун), фамилияси, исми, отасининг исми (жисмоний шахслар учун), турган жойи (почта манзили).

Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси харид комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади ҳамда ундан олинган кўчирма у имзоланган кундан эътиборан уч иш куни ичида махсус ахборот порталида эълон қилинади.

Танловнинг исталган иштирокчиси таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси эълон қилинганидан сўнг давлат буюртмачисига танлов натижаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тўғрисида сўров юборишга ҳақли. Давлат буюртмачиси бундай сўров келиб тушган санадан эътиборан уч иш куни ичида танлов иштирокчисига тегишли тушунтиришларни тақдим этиши шарт.

Давлат буюртмачиси берилган таклифларни қабул қилиш тугайдиган пайтга қадар уларни муҳокама қилишга ҳақли эмас.

56-модда. Тендер ўрнида танлов ўтказиш хусусиятлари

Ушбу Қонун 50-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда танлов қуйидаги хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда ўтказилади:

танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон иштирокчилардан таклифлар қабул қилинадиган муддат тугайдиган санадан камида ўн кун олдин давлат буюртмачиси томонидан махсус ахборот порталига жойлаштирилади;

давлат харидини амалга ошириш учун ушбу Қонуннинг 60-моддасида назарда тутилган тартибда харид комиссияси тузилади.

57-модда. Танлов натижалари бўйича шартнома тузиш

Танлов натижалари бўйича шартнома танлов ҳужжатларида ва ўзи билан шартнома тузилаётган танлов иштирокчиси томонидан берилган таклифда кўрсатилган шартлар асосида тузилади.

8-боб. Тендер

58-модда. Тендер тушунчаси

Тендер деганда давлат харидини икки босқичда амалга оширишнинг рақобатли тартиб-таомили орқали ижрочини аниқлаш усули тушунилади. Бунда шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган тендер иштирокчиси ушбу тартиб-таомил натижалари бўйича ғолиб деб топилади.

Давлат хариди ҳақидаги ахборотни давлат буюртмачиси тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълонни ва тендер ҳужжатларини махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали шахсларнинг чекланмаган доирасига маълум қилади.

Шартномани бажаришнинг энг яхши шартлари тендер иштирокчиларининг таклифларини баҳолаш бўйича эълон қилинган мезонлар асосида харид комиссияси томонидан аниқланади.

59-модда. Тендер ўтказиш мезонлари

Тендер воситасидаги давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

ғолибни аниқлаш мезонлари товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) нафақат пул билан баҳоланишини, балки миқдорий ва сифат жиҳатидан баҳоланишини ҳам ўз ичига олади;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг йигирма беш минг бараваридан ортиқ миқдорни ташкил этади.

Бюджет буюртмачилари учун тендердаги давлат харидлари бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг олти минг бараваридан ортиқ суммани ташкил этиши керак.

60-модда. Тендерни ўтказишда харид комиссияси

Шартномани бажаришнинг энг яхши шартлари тендер иштирокчиларининг таклифларини баҳолаш бўйича эълон қилинган мезонлар асосида харид комиссияси томонидан аниқланади.

Давлат харидини тендер ўтказиш орқали амалга ошириш учун камида етти нафар аъзодан иборат таркибда харид комиссияси тузилади, комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзинжиниринг» республика лойиҳалаштириш институтининг вакиллари киритилиши шарт.

61-модда. Тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон

Тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон тендер иштирокчиларидан таклифларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида ўттиз кун олдин ва кўпи билан қирқ беш кун олдин махсус ахборот порталига давлат буюртмачиси томонидан жойлаштирилади.

Тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги ахборот бўлиши керак:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил тавсифи ва нархи;

тендер ўтказиладиган жой манзили;

тендер иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

давлат буюртмачисининг иштирокчилар билан алоқада бўлиш учун боғловчи шахслар сифатида белгиланган бир ёки бир нечта мансабдор шахсининг ёки бошқа ходимларининг номи, лавозими ва манзили;

тендер ҳужжатлари қоидаларини тушунтириш учун сўров бериш шакли;

таклифлар бериш муддати тугайдиган сана ва вақт;

тендер таклифларини расмийлаштиришга доир талаблар.

Тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ахборот ҳам бўлиши мумкин.

62-модда. Тендер ҳужжатлари

Тендер ҳужжатлари махсус ахборот порталига тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон билан бир вақтда давлат буюртмачиси томонидан жойлаштирилади.

Тендер ҳужжатларида қуйидагилар бўлиши керак:

тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълонда кўрсатилган ахборот;

шартнома баҳосини ва ижрочилар билан ҳисоб-китобларни шакллантириш учун фойдаланиладиган валюта ҳамда тўлов тартиби ҳақидаги ахборот;

тендерда иштирок этиш учун таклиф қайси тилда тақдим этилиши кераклиги бўйича талаб;

тендер иштирокчиси таклифининг техник ва нархга оид қисми, уларни баҳолаш тартиби тўғрисидаги ахборот;

тендер иштирокчиларига тендер ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби, тақдим этиш муддати бошланадиган ва тугайдиган сана;

техник топшириқ;

ушбу Қонунга мувофиқ тендер иштирокчиларининг таклифларини баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби.

Тендер ҳужжатларида давлат буюртмачиси ҳар бир товар (иш, хизмат) харид қилиш тартиб-таомилининг алоҳида бирлиги сифатида кўриб чиқилишини эълон қилиши мумкин. Бундай ҳолда давлат буюртмачиси турли товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун тендернинг бир нечта иштирокчиси билан шартномалар тузиши мумкин, бунда ҳар бир товар (иш, хизмат) учун фақат битта ғолиб аниқланиши мумкин. Ҳар бир товар (иш, хизмат) учун ғолиб харид қилиш тартиб-таомили шартларига кўра алоҳида-алоҳида аниқланади.

Тендер ҳужжатларига унинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳаси илова қилинади.

Давлат буюртмачиси тендерда иштирок этиш учун таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида уч кун олдин тендер ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Товарни (ишни, хизматни) ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Бунда ушбу тендерда таклифлар бериш тугайдиган муддат тендер ҳужжатларига ўзгартишлар киритилган санадан эътиборан камида ўн кунга узайтирилиши керак. Шу билан бир вақтда, агар эълонда кўрсатилган ахборот ўзгартирилган бўлса, тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонга ўзгартишлар киритилади.

Тендер иштирокчиси тендер ўтказиш учун эълонда белгиланган шаклда давлат буюртмачисига тендер ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришлар бериш тўғрисида сўров юборишга ҳақли. Мазкур сўров келиб тушган санадан эътиборан икки иш куни ичида давлат буюртмачиси, агар мазкур сўров давлат буюртмачисига таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида икки кун олдин келиб тушган бўлса, тендер ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни белгиланган шаклда юбориши шарт. Тендер ҳужжатларининг қоидаларига доир тушунтиришлар уларнинг мазмун-моҳиятини ўзгартирмаслиги керак.

Тендер ҳужжатларида давлат буюртмачиси тендер иштирокчиларининг таклифларида харид қилиш тартиб-таомилларининг барча объектлари бўйича таклиф бўлиши кераклигини назарда тутиши мумкин. Бундай ҳолда фақат битта ижрочи тендер ғолиби бўлиши мумкин, агар таклифда тендернинг барча товарлари (ишлари, хизматлари) бўйича ахборот бўлмаса, таклиф тегишли эмас деб топилади.

Тендер ҳужжатларининг экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази томонидан амалга оширилади.

63-модда. Тендер иштирокчиларининг таклифларини бериш тартиби

Махсус ахборот порталида эълон қилинган тендер иштирокчиларининг таклифлари эълонда белгиланган тартибда, тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзил бўйича муҳрланган конвертларда тақдим этилади.

Таклифда давлат хариди объекти бўлган товарнинг эскизи, расми, чизмаси, фотосурати ва бошқа тасвири, нусхаси, намунаси бўлиши мумкин.

Тендер иштирокчиси тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги учун жавобгар бўлади.

Тендер иштирокчиси фақат битта таклиф беришга ҳақли.

Тендерга таклифларни қабул қилиш махсус ахборот порталида чоп этилган эълонда кўрсатилган муддат келиши билан тугатилади.

Агар таклифлар бериш муддати тугаган вақтда харид комиссияси тендер иштирокчиларидан тендер ҳужжатларида кўрсатилган талабларга мос келадиган камида иккита таклиф олган бўлса, тендер ўтказилган деб топилади.

Тендерда битта иштирокчи иштирок этган ёки биронта иштирокчи иштирок этмаган тақдирда тендер ўтказилмаган деб топилади. Бундай ҳолатда давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилини айни ўша шартларда ҳамда товарга (ишга, хизматга) доир айни ўша мезонларга ва талабларга мувофиқ такроран амалга ошириши шарт. Товарга (ишга, хизматга) нисбатан баҳолаш шартлари, мезонлари ва талабларни ўзгартириш зарурати пайдо бўлганда харид комиссияси асосларни келтирган ҳолда тегишли қарорни қабул қилади.

Тендер иштирокчиси бундай таклифларни бериш муддати тугагунига қадар берилган таклифни қайтариб олишга ёки унга ўзгартишлар киритишга ҳақли.

64-модда. Тендер иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш

Тендер иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш муддати таклифлар бериш тугаган пайтдан эътиборан олтмиш кундан кўп бўлиши мумкин эмас.

Агар таклиф ушбу Қонуннинг ва тендер ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келса, у тегишли тарзда расмийлаштирилган деб топилади.

Агар таклифни киритган тендер иштирокчиси ушбу Қонунда белгиланган талабларга мос келмаса ёки тендер иштирокчисининг таклифи танлов ҳужжатлари талабларига мос келмаса, харид комиссияси таклифни рад этади.

Тендер иштирокчиси томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги ахборотнинг ишончсиз эканлиги аниқланган тақдирда, харид комиссияси бундай иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилининг исталган босқичида тендерда иштирок этишдан четлатишга ҳақли.

Тендер ҳужжатларида кўрсатилган мезонлар асосида тендер ғолибини аниқлаш учун харид комиссияси рад этилмаган таклифларни баҳолашни амалга оширади.

Эълонда тендерни ўтказиш вақти сифатида кўрсатилган вақтда харид комиссияси тендер иштирокчилари томонидан берилган таклифлар солинган конвертларни таклифларни баҳолаш учун навбатма-навбат очади.

Биринчи босқичда тендер иштирокчиси таклифининг техник қисми баҳоланади. Харид комиссиясининг тендер таклифининг техник қисмини баҳолаш бўйича қарори баённома билан расмийлаштирилади, баённомада тендернинг биринчи босқичи ғолиблари аниқланади. Тендер иштирокчисининг ваколатли вакили таклифлар солинган конвертларни очиш тартиб-таомилида ҳозир бўлишга ҳақли.

Тендернинг биринчи босқичи ғолиблари тендернинг иккинчи босқичига қўйилади.

Тендернинг иккинчи босқичида таклифнинг нархга оид қисми очилади ва баҳоланади. Харид комиссиясининг тендер таклифининг нархга оид қисмини баҳолаш бўйича қарори баённома билан расмийлаштирилади, баённомада тендернинг иккинчи босқичи ғолиби аниқланади. Тендер иштирокчисининг ваколатли вакили таклифлар солинган конвертларни очиш тартиб-таомилида иштирок этишга ҳақли.

Агар таклифларни кўриб чиқиш натижалари бўйича харид комиссияси барча таклифларни рад этган бўлса ёки фақат битта таклиф тендер ҳужжатлари талабларига мувофиқ келса, тендер ўтказилмаган деб топилади.

Тендер ҳужжатларида ва таклифда кўрсатилган мезонлар асосида шартномани бажаришнинг энг яхши шартларини таклиф қилган тендер иштирокчиси ғолиб деб топилади.

Агар тендер ҳужжатларида тендернинг ҳар бир товари (иши, хизмати) харид қилиш тартиб-таомилининг алоҳида бирлиги сифатида кўриб чиқилиши назарда тутилган бўлса, харид комиссияси ғолибни тендернинг ҳар бир предмети бўйича аниқлайди.

Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш натижалари таклифларни кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш баённомасида қайд этилади.

Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомасида қуйидаги ахборот бўлиши керак:

тендер таклифлари кўриб чиқиладиган ҳамда баҳоланадиган сана ва вақт тўғрисидаги;

ҳозир бўлган харид комиссияси аъзоларининг ва тендер иштирокчилари ваколатли вакилларининг таркиби ҳақидаги;

таклифлари кўриб чиқилган тендер иштирокчилари тўғрисидаги;

таклифлари уларни рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда рад этилган тендер иштирокчилари ҳақидаги;

тендер ғолиби тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақидаги;

тендер ғолибининг номи (юридик шахс учун), фамилияси, исми, отасининг исми (жисмоний шахс учун), турган жойи (почта манзили).

Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси харид комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади ҳамда ундан олинган кўчирма у имзоланган кундан эътиборан уч иш куни ичида махсус ахборот порталида эълон қилинади.

Тендернинг исталган иштирокчиси таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси эълон қилинганидан сўнг давлат буюртмачисига тендер натижалари бўйича тушунтиришларни тақдим этиш тўғрисида сўров юборишга ҳақли. Давлат буюртмачиси бундай сўров келиб тушган санадан эътиборан уч иш куни ичида тендер иштирокчисига тегишли тушунтиришларни тақдим этиши шарт.

Давлат буюртмачиси берилган таклифларни қабул қилиш тугайдиган пайтга қадар уларни муҳокама қилишга ҳақли эмас.

65-модда. Тендер натижалари бўйича шартнома тузиш

Тендер натижалари бўйича шартнома тендер ҳужжатларида ва шартнома тузилаётган тендер иштирокчиси томонидан берилган таклифда кўрсатилган шартлар асосида тузилади.

9-боб. Ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари

66-модда. Ягона етказиб берувчи тушунчаси

Табиий монополия субъекти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида фармонларида, қарорларида ва фармойишларида ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган субъектлар, шунингдек давлат томонидан харид қилинаётган, бозорда муқобиллари мавжуд бўлмаган ноёб товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи ягона етказиб берувчидир.

67-модда. Ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат хариди

Ягона етказиб берувчидан товар (иш, хизмат) олиш зарур бўлган тақдирда, у ва давлат буюртмачиси ўртасида махсус ахборот порталида рўйхатга олиниши лозим бўлган тўғридан-тўғри шартнома тузилади.

Ягона етказиб берувчи билан давлат харидлари қуйидаги алоҳида ҳолларда амалга оширилади:

бозорда муқобиллари бўлмаган ва фақат ягона етказиб берувчидан харид қилиш мумкин бўлган техник жиҳатдан мураккаб товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди;

маданий қимматликларни олиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосидаги давлат харидлари;

табиий монополия субъекти товарларининг (ишларининг, хизматларининг) давлат хариди;

ўз ваколатларига мувофиқ фақат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ёки уларнинг тасарруфидаги давлат муассасалари ва ташкилотлари томонидан бажарилиши мумкин бўлган ишларга ёки кўрсатилиши мумкин бўлган хизматларга эҳтиёж пайдо бўлиши;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича давлат хариди.

Ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда ягона етказиб берувчи билан давлат харидларини амалга оширишнинг бошқа ҳоллари ҳам белгиланиши мумкин.

68-модда. Ягона етказиб берувчилар реестри

Ягона етказиб берувчилар реестри ваколатли орган билан келишилган ҳолда махсус ахборот портали оператори томонидан юритиладиган ахборот ресурсидир.

Ягона етказиб берувчилар реестри ягона етказиб берувчи билан давлат харидини амалга ошириш учун рухсат этилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатидан ва ягона етказиб берувчилар рўйхатидан иборат бўлади.

10-боб. Харид қилиш тартиб-таомилларини мониторинг ва назорат қилиш

69-модда. Давлат харидлари соҳасидаги мониторинг ва назорат

Давлат харидлари соҳасидаги мониторинг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини, давлат харидларининг ушбу Қонунда белгиланган мақсадлари, принциплари ва чекловлари амалга оширилишини давлат харидларининг ўтказилиши ҳақидаги ахборотни тўплаш, умумлаштириш, тизимлаштириш ва баҳолаш воситасида доимий асосда амалга ошириладиган кузатиш тизимидан иборат бўлади.

Давлат харидлари соҳасидаги назорат мазкур соҳада қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлар тизимидан иборат бўлади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда статистик ва бошқа ахборотни таққослаш ва таҳлил қилиш орқали амалга ошириладиган текширувлар давлат органларининг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши устидан назорат қилишнинг асосий шаклидир.

Давлат харидлари соҳасидаги мониторинг ва назорат тегишли ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш чоғида қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган текширувлар ўтказилишига ва ҳисобот бериш шаклларини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

70-модда. Харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат назорати

Ушбу Қонуннинг ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини қуйидагилар ўз ваколатлари доирасида амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги.

Ушбу Қонуннинг ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатли давлат органлари ҳам ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

71-модда. Харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назорати

Харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назорати, давлат харидларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш, давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишларининг олдини олиш ва уларни аниқлаш ҳамда давлат буюртмачиларини, ваколатли давлат органларини аниқланган қоидабузарликлар ҳақида хабардор қилиш мақсадида амалга оширилади.

Харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назорати очиқлик ва шаффофлик принципларини рўёбга чиқариш воситасида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли.

Жамоатчилик назоратини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари:

давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлашга;

харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш ва шартномаларни бажаришнинг бориши тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳақидаги сўровларни давлат буюртмачиларига юборишга;

харид қилиш тартиб-таомиллари юзасидан мустақил мониторингни ва давлат харидлари самарадорлигини баҳолашни, шу жумладан уларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлигини баҳолашни амалга оширишга;

текширув тадбирларини ўтказиш ташаббуси билан давлат органларига мурожаат қилишга;

давлат буюртмачиси, ваколатли орган, харид комиссиялари ва уларнинг аъзолари ҳаракатларида (ҳаракатсизлигида) қоидабузарликлар аниқланган ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга;

қонун ҳужжатларига мувофиқ судга мурожаат қилишга ҳақли.

Жамоатчилик назоратини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

72-модда. Лойиҳага доир фаолият бўйича давлат харидларининг самарадорлиги ва натижадорлиги таҳлили

Лойиҳага доир фаолият бўйича амалга оширилган давлат харидлари самарадорлиги ва натижадорлиги таҳлили ваколатли орган томонидан ўтказилади.

Ўтказилган таҳлил натижалари билан давлат буюртмачисининг раҳбари ёки лойиҳани бошқариш бўйича давлат буюртмачиси томонидан тайинланган вакил имзо қўйган ҳолда танишиб чиқади.

Давлат харидлари самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан лойиҳадан кейинги мониторинг лойиҳа бўйича давлат хариди тугалланганидан кейин уч йил ичида ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

11-боб. Шикоятларни кўриб чиқиш

73-модда. Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия

Махсус ахборот портали оператори томонидан шикоятларни адолатли, тезкор ва самарали кўриб чиқиш мақсадида доимий равишда фаолият кўрсатадиган Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилиб, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколатли орган билан келишган ҳолда тасдиқланади.

Ҳар бир иштирокчи, шунингдек назоратни амалга ошираётган шахслар давлат буюртмачисининг, ваколатли органнинг, харид комиссиясининг, унинг аъзоларининг, махсус ахборот портали операторининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, агар бундай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) иштирокчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган бўлса, суд тартибида ёки ушбу бобда белгиланган тартибда Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

74-модда. Шикоятларни бериш ва кўриб чиқиш тартиби

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия шикоятни қабул қилиб олганда шикоят келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида у ҳақда давлат буюртмачисини хабардор қилади ҳамда харид қилиш тартиб-таомилини ўн кунгача бўлган умумий муддатга тўхтатиб туради.

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия шикоятни давлат буюртмачиси ва иштирокчининг иштирокида кўриб чиқади. Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия шикоят олинганидан кейин етти иш куни ичида қарор чиқариши ва ахборотни махсус ахборот порталига жойлаштириши керак.

Қабул қилинган қарорда ошкор этилиши иштирокчининг (ижрочининг) тижорат манфаати бузилишига олиб келадиган ёки инсофли рақобатга хавф соладиган ахборот бўлмаслиги керак, бундан Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ушбу ахборотни эълон қилиш тўғрисида қарор чиқарган ҳоллар мустасно.

Иштирокчининг шикояти асосли деб топилган тақдирда, Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия қуйидаги чораларни кўради:

давлат буюртмачисининг қонунга хилоф ҳаракатларига, қарорларига ёки у томонидан қонунга хилоф тартиб-таомиллар бажарилишига доир тақиқ белгилайди;

давлат буюртмачисининг қонунга хилоф қарорларини, шу жумладан давлат харидлари тўғрисидаги ҳужжатлар шартларини бузадиган қарорларини қисман ёки тўлиқ бекор қилади;

харид қилиш тартиб-таомилларини тугатиш ҳақида қарор чиқаради;

ижрочини Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритади.

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия шартнома тузилганидан кейин шартноманинг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини текшириш учун шикоятларни кўриб чиқиши мумкин. Бундай ҳолда Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия унинг ижро этилишини етти иш кунигача бўлган муддатга тўхтатиб туради.

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарорлари давлат харидларининг барча субъектлари томонидан ижро этилиши шарт.

Ижрочи Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарори устидан суд тартибида шикоят қилиши мумкин.

12-боб. Якунловчи қоидалар

75-модда. Низоларни ҳал этиш

Давлат харидлари соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

76-модда. Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

77-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

78-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

79-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2018 йил 9 апрель,

ЎРҚ-472-сон

 

 

Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, сичқонча билан белгилаб, администраторни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Об-ҳаво

Все о погоде - Pogoda.uz

Валюталар қурси

Онлайн фойдаланувчилар

Мехмонлар: 6 та

Электрон хизматларимиз хақида фикрингиз?

Охирги ўзгартириш киритилган сана:

17.07.2018 15:21
Матндаги хато