Белгиланган матнни эшитиш учун босинг
Welcome to Statistika qo'mitasi   Click to listen highlighted text! Welcome to Statistika qo'mitasi Powered By GSpeech
  • А
  • А
  • А
  •      

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё бирдамлиги дунё муаммоларини ҳал этишда ёрдам бериши ҳақида

2018-03-17 14:50
|

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг кўп йиллик самарали ҳамкорлиги тарихида биринчи марта бўлиб ўтаётган Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиши икки халқ  ўртасидаги ҳақиқий қардошлик муносабатларининг ёрқин ифодасидир. Президент Шавкат Мирзиёв Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиш маросимида шундай баёнот қилди.

"Яратганнинг ўзи бизга қўшни бўлишдек бебаҳо неъматни ато этган. Бизнинг донишманд ота-боболаримиз “Ҳовли олма, қўшни ол”, деб бежиз айтишмаган. Биз азал-азалдан бир заминда, бир қуёш остида яшаб келмоқдамиз, бизнинг илдизларимиз бир. Халқларимизнинг Абу Райҳон Беруний ва Абу Наср Форобий, Хўжа Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий ва Абай Қўнонбоев, Ойбек ва Мухтор Авезов, Ғафур Ғулом ва Собит Муқонов каби улуғ намояндалари ва бошқа кўплаб атоқли олимлар, мутафаккир ва шоирлар мероси бизнинг умумий бойлигимиздир. Биз инсонпарварлик ва эзгулик ғоялари билан йўғрилган бу маънавий меросни асраб-авайлашимиз ва бойитишимиз лозим.

Айнан шу нуқтаи назардан қараганда, кейинги пайтда сиёсий иродамиз ва ўзаро интилишларимиз туфайли дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлигимизнинг барча йўналишлари бўйича ҳақиқатан ҳам улкан натижаларга эришдик", - деди Ўзбекистон президенти ўз нутқида.

Давлатлар ўртасидаги яқин алоқалар, одамларнинг ўзаро очиқ мулоқоти ва дўстлиги, маданий алоқаларнинг фаоллашгани эзгу мақсад – халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

"Бугун Остона шаҳрида узоқ йиллар мобайнида биринчи марта Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувини ўтказдик. Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, нафақат Қозоғистоннинг улкан салоҳиятига, балки бутун Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан ҳамкорлик борасидаги кенг имкониятларга жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратишга хизмат қилди.

Биз учун Қозоғистон замонлар ва ҳаёт синовидан ўтган, кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланган яқин қўшнимиздир", - таъкидлади Ш.Мирзиёев. Шу ўринда буюк қозоқ адиби Абайнинг қуйидаги сўзлари ёдга олинди:

Эй инсон, ор-номус дилдошинг бўлсин,
Боболар ҳикмати қўлдошинг бўлсин.
Мол-дунё, шон-шуҳрат – барчаси бекор,
Жондош, содиқ дўст, йўлдошинг бўлсин.

"Ишончим комил, бу ҳикматли сўзлар нафақат бугунги тантанали маросим, балки мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг шиорига айланади. Шу муносабат билан куни кеча қозоқ халқининг буюк фарзанди, шоири ва мутафаккири, гуманисти Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб этиш тўғрисида Ўзбекистон Президентининг қарори қабул қилинганини маълум қилмоқчиман. Бу улуғ зотнинг безавол ўгитлари бугун ҳам ўз долзарблиги ва аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Қарлиғашбий сифатида ҳам машҳур бўлган буюк Тўлабийнинг мақбараси Тошкентда жойлашгани, ушбу маскан ўзбеклар учун ҳам, қозоқ дўстларимиз учун ҳам муқаддас зиёратгоҳ эканидан биз фахрланамиз. Ўйлайманки, тобора мустаҳкамланиб бораётган самимий муносабатларимиздан буюк аждодларимизнинг руҳлари шод бўлади", - деди Ўзбекистон давлат раҳбари. 

Дарҳақиқат, халқларимиз бир-бирига ҳамиша таянч ва суянч бўлиб келган. Шу ўринда Марказий Осиё мамлакатларининг бирдамлиги бугунги дунё муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериши қайд этилди. 

"Тарихимиз муштараклиги ва ўзаро яқинлигимиз ҳозирги дунёнинг мураккаб муаммоларини биргаликда ҳал этиш, биз учун умумий таҳдидларга қарши самарали курашиш, янги авлодлар учун келажакни биргаликда қуришда ёрдам бермоқда. Биз – қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, тожиклар ва ўзбеклар, гўзал Марказий Осиёда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар вакиллари биргаликда тинч-тотув, дўст-иноқ бўлиб яшашимиз тақдирнинг ўзи томонидан белгилаб берилгандир. Шунинг учун ҳам биз умумий уйимизни, фарзандларимизни турли низо ва қарама-қаршиликлардан ҳимоя қилиш, минтақамизда тинчлик ва фаровонлик ҳукм суришини таъминлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур", - деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг Ўзбекистон президенти Қозоғистон томонга самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдириб, икки қардош халқ вакилларини гўзал баҳор байрами – Наврўзи олам билан чин қалбдан муборакбод этди.

Манба: https://kun.uz/

Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, сичқонча билан белгилаб, администраторни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Об-ҳаво

Все о погоде - Pogoda.uz

Валюталар қурси

Онлайн фойдаланувчилар

Мехмонлар: 3 та

Электрон хизматларимиз хақида фикрингиз?

Охирги ўзгартириш киритилган сана:

17.12.2021 15:30
Матндаги хато